Илм йўлидаги захматнинг роҳати бўлади
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректорининг талабалар билан учрашуви самимий мулоқот тарзида ўтди.
– Аслида, сизлар билан ҳар куни кўришамиз, суҳбатлашамиз – бизнинг иш фаолиятимиз шундай, – деди университет ректори, профессор Худойназар Юнусов. – Мен ректорлигимнинг илк кунларидан шу тарзда ишлашга ўрганганман – кўпроқ талабаларни эшитаман, уларнинг фикрлари, таклиф ва ташаббуслари мен учун муҳим. Чунки, бизнинг фаолиятимиз, мақсадимиз ёшларимизга сифатли таълим бериш, малакали мутахассис бўлиб етишишига имконият яратиш ва шу орқали мамлакатимизда мазкур соҳа ривожига хизмат қилишдан иборат. Бугунги каби учрашувлар эса йилни сарҳисоб қилиш, бир-биримиз билан очиқ мулоқотга киришиш учун яна бир қулай фурсат.
Учрашувда талабалар ўқув жараёнлари, университетда яратилган шароит, қўшма таълим дастурлари ва хорижий давлатлардаги ҳамкор олий ўқув юртларида ўқиш, малака ошириш юзасидан ректорга мурожаат қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Айрим ёшлар ректорнинг ҳаёти ва илмий фаолияти билан қизиқди.
– Яккабоғ туманида тоғли қишлоқда ўсганман, – деди Х.Юнусов ўз ҳаёти, илм йўлида чеккан машаққатлари ҳақида гапириб. – Ўқитувчиларимизга ҳавас қилиб, улардек илмли инсон бўлишга интилганмиз. Биз учун устозларимиз шахсий ҳаётда ҳам, келажакдаги мақсадларимизни белгилаб олишда ҳам намуна эди. Қишлоғимиздаги мактаб 8 йиллик бўлиб, кейинчалик умумтаълим мактабига айлантирилганди. Ўша пайтда мутахассис етишмаслигидан Намангандан эр-хотин ўқитувчилар қишлоғимизга кўчиб келиб, кимё-биологиядан дарс беришарди. Менинг ушбу соҳани танлашимда шу устозларимнинг хизматлари жуда катта бўлган. Албатта, мактабда ҳозиргидек шароит йўқ эди. Шунга қарамай, ўқитувчиларимиз кичик имкониятлардан максимал фойдаланиб, бизга дарс беришарди. Лаборатория машғулотларини шундай қизиқарли тарзда ўтишардики, ҳеч бир ўқувчи бу дарсларга бефарқ бўлмасди. Кейин олий ўқув юртида Москвада ўқидим, ўз даврининг етук олимлари сабоқларини олдим. Илм йўлида кўп заҳмат чекканмиз ва бугун шунинг натижасини кўряпмиз. Умуман, илм-фан соҳасида қийинчилик кўриб, уларни енгиб ўтсангиз, захмат чекишдан чўчимасангиз, роҳатини кўрасиз.
Кейинги йилларда юртимиз таълим тизимидаги ислоҳотлар ва давр талабидан келиб чиқиб ташкил этилган мазкур олий ўқув юртида бугунги кунда 6 минг нафарга яқин талаба таҳсил олади. Қисқа вақт ичида университет дунёнинг турли мамлакатларидаги 100 га яқин олий ўқув юрти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Бир неча йўналишлар бўйича қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилган, ўқитувчилар ва талабалар хорижий грант лойиҳаларида иштирок этмоқда. Яқинда университетнинг беш нафар талабаси нуфузли давлат стипендияларига сазовор бўлди.
Учрашувда бир гуруҳ фаол талабалар университет раҳбарияти томонидан рағбатлантирилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари