Охирги пайтларда айрим динсиз кимсаларнинг “Ислом – арабларнинг дини” деган фикрни сингдиришга уринаётгани ёки Ислом аҳкомларига амал қилишга ҳаракат қилаётганларни “арабпараст” дейиши тез-тез қулоққа чалинмоқда. Кўпчилик бу ёндашув нотўғри эканини билса ҳам, чуқур фикрлай олмайдиган, билимсиз одамлар бу каби тумтарақай гапларга алданиб қолиши ёки жавоб топа олмай, иккиланиб қолиши мумкин. Айниқса, ёшлар бундай бузғунчи фикрлардан тез таъсирланиши бор гап. Вақти-соати келиб, одамлар ҳақиқатни англаб етар, лекин унгача жуда кўп нарса қўлдан бой бериб қўйилади. Шунинг учун халқни ёт ғоялардан асраш – давр талаби, десак хато бўлмайди.
Аллоҳга шукрки, халқимиз минг тўрт юз йилдан бери мусулмончиликни маҳкам тутиб, шу билан иззат топиб келади. Энг оғир дамларда ҳам аждодларимиз иймонига содиқ бўлди. Ҳозирги глобаллашган дунёда келажак авлодни турли таҳдидлардан асраш учун уларда ўзликка зарба берадиган ҳар қандай бузғунчи фикрга қарши иммунитет шакллантириб бориш даркор. Қуйидаги сатрлар ана шу мақсадга қаратилгандир.
Аллоҳ таолонинг ҳикмати шуки, бандалар бир бирига муҳтож бўлиб, ўзаро мулоқот қилишлари учун уларга ато этилган илм ва иқтидорни уларнинг ўрталарига сочиб қўйган: кимдадир илм-технология бор, кимдадир табиий бойлик бор, кимдадир моддий, кимдадир маънавий ютуқлар бор... Улар бир бирига муҳтож, бир-биридан фойда олади.
Фан техника, илмий ихтиролар даврлар оша турли халқлар томонидан ривожлантирилган. Бирида бори бошқасида бўлмаган, лекин шу тариқа илм фан умуминсоний бойликка айланган. Ақли бор одам бу борада миллатчилик қилиб ўтирмайди, балки бор имкониятдан фойдаланиб қолишга уринади.
Масалан, лампочка ва бошқа кўплаб ихтиролар муаллифи Томас Эдисонни америкалик экан деб, ноз қилиб шамда ўтириш ақлга сиғадими? Йўқ, албатта. Бу борада, яъни илм ва унинг маҳсулидан фойда олишда миллатчилик қилган кишини ҳамма бир овоздан аҳмоқликда айблаши тайин.
Ваҳий билан инган илм, яъни дин ҳам аслида худди шундай – миллат билмайди. Тажрибий илмларни Аллоҳ Ўзи истаган одамга билдирганидек, ваҳийни ҳам Ўзи истаган бандасига нозил қилади. Зотан, “Аллоҳ Ўз рисолатини қаерга юборишни яхши билади” (Анъом сураси, 124-оят). Буни муҳокама қилишга банданинг ҳаққи йўқ. Банданинг иши – ой-қуёшнинг ҳаракати тўғри-нотўғрилигини муҳокама қилиш эмас, балки ундан унумли фойдаланишдир.
Ислом – илоҳий дин, унга ўхшаш бошқа мукаммал дин йўқ. Арабларга нозил бўлган деб, диндан юз ўгириш – бирор кашфиёт ва ихтиро Америка ёки Ғарбда бўлгани учун уни тан олмаслик каби тентакликдан бошқа нарса эмас.
“Ислом – араблар дини” деб оғиз йиртаётган сохтакорларга шундай саволлар бергинг келади: Сизнингча, Аллоҳ ҳар бир халққа, ҳар бир элатга алоҳида-алоҳида дин юбориши керакмиди? Халқ, элат ўзи нимаси билан ажралади? Тили биланми, ёки қондошлик биланми? Ёки бир мамлакатнинг аҳли бир миллат бўладими? Айтингчи, башариятни бу меъёрлардан қай бирига кўра дин учун тақсимлаш керак? Ҳар йили бир нечта тил йўқ бўлиб, бир қанча янги тиллар вужудга келишини биласизларми? Мамлакатларнинг чегараси асрлар оша ҳамиша ўзгариб келганини эшитганмисизлар?
Энди сизларга кўра, ҳар бир миллатга, ҳар бир минтақага ҳар асрда янги дин юбориб турилиши керак бўладими? Ёки битта нарсанинг таржимасини ҳар бир халққа алоҳида нозил қилиш керакми?
Ҳа, Аллоҳ таоло Ўз динини қандай юборади, кимга юборади, қачон юборади – Ўзи яхши билади. Бунга банданинг ақли ҳам етмайди, ҳадди ҳам йўқ. Банда ақлини йиғиб, ўзининг чегарасини билиши керак, холос.
Дунёни битта қуёш билан ёритиб қўйган Зот уни маънан ҳам битта дин билан мунаввар этишни ирода қилган. Бундан бошқа тўғри йўл ҳам йўқ.
Ислом – оламий дин, арабларники эмас. Буни тасдиқловчи далиллар жуда ҳам кўп. Ислом илк кунлариданоқ бутун башарият учун юборилган дин эканини, барча қадимги самовий динларнинг меросхўри, тугалловчиси эканини эълон қилди.
Ислом айнан миллатчиликка, қабилачиликка қарши курашди, башарият бир ота-онадан тарқаган ака-укалар эканини, арабнинг ажамдан, оқнинг қорадан устунлиги йўқлигини эълон қилишдан чарчамади. Яҳудо динида бўлганидек, арабларни алоҳида олий ирқ дегани йўқ. Аксинча, инсоннинг устунлиги фақатгина илм ва тақвода эканини бот-бот таъкидлайверди. Буни шунчаки хўжакўрсинга қилгани йўқ, балки амалда ҳам исботлаб қўйди.
Бир қанча ажам саҳобалар бор эди, аммо уларнинг бирортаси бирор марта камситилмади. Аксинча, араб саҳобалар қолиб, Салмон Форсий аҳли байтдан деб эълон қилинди.
Қироат имомларининг ҳам аксари араб эмас, ажамлардан бўлишган, яна қуллардан бўлишган. Товус, Икрима, Нофеъ ва бошқа минглаб тобеъин уламолар ҳам араб ирқидан эмас эди. Ислом оламининг биринчи рақамли фақиҳи Имом Аъзам ҳам ажамлардан эдилар. Бутун Ислом олами бу уламоларни бугунгача ардоқлаб келади, уларнинг араблардан чандон устун мартабага эга бўлганига ҳеч ким эътироз билдирмайди, аксинча, арабу ажам уларни ўзаларига устоз билади ва ажамлардан кўра араблар уларни кўпроқ эъзозлайди. Имом Бухорий ажам бўлишига қарамай, мусулмон уммати у кишини “Ҳадисда мўминлар амири” деб эҳтиром қилди. Ибн Сино, Беруний, Форобий ва бошқа минглаб уламолар илм туфайли арабу ажамга устоз бўлишди, бироқ бирор жойда уларнинг ажамлиги таъна қилинмади. Муҳаммад Хоразмийларнинг, Аҳмад Фарғонийларнинг ажамлиги мусулмон халифалар ҳузурида хос мақомга эришишга тўсқинлик қилмади. Бу борада истаганча гапириш мумкин. Хулоса шуки, Ислом барча миллатларни бағрига ола билди ва бир хилда ривожлантирди. Хўш, нега энди биз уни биринчи бўлиб, бизнинг миллатга тушмагани учун айблашимиз керак? (Ислом нега айнан дастлаб арабларга тушгани ҳақида алоҳида илмий хулосалар бор, бу алоҳида мавзу.)
Аслида қоида ўзи шундай – диннинг миллати бўлмайди. Фақат Исломга келгандагина миллатни эслаб қолиш – нохолисликдан, алдовдан бошқа нарса эмас. Фалон дин фалон миллатга тушган деб, шунинг учун уни инкор қилишга урингандан кўра, ростини сўзлаб, динни қабул қилгилари келмаётганини очиқ айтишса, шуниси тўғрироқ бўлар эди.
Исломнинг оламшумуллигини кўрсатувчи далиллардан яна бири шуки, у арабларнинг бирорта миллий нарсасини тарғиб қилмаган.
Ислом қайси юртга кириб борган бўлса, ўша ердаги урф-одат ва маданиятни маълум мезон асосида қабул қилган, тартибга солган, сўнг ривожлантириб, керак бўлса, оммалашишига ҳам хизмат қилган. Бунинг натижасида умуммусулмон маданияти юзага келган. Шу билан бирга, мусулмон халқларнинг кийиниш, яшаш тарзидаги ўзига хос миллийлик ҳам сақланган. Зеро, Ислом маълум бир халқнинг маданиятини, уст-бошини тарғиб қилиш учун келмаган, балки умуминсоний ғояларни тараннум этиб, яшаш тарзини илоҳий таълимот асосида тартибга солиш учун юборилган. Шунинг учун Исломга кирган ҳар бир миллат ўз миллий хусусиятларини шариат қоидалари асосида тузатиб олаверган ва сақлай билган. Бу билан мусулмон оламининг ранг-баранглиги таъминланган. Ҳозирдаги мусулмон халқларнинг ҳар бирида ўзига хос миллийлик мавжудлиги сўзимизга ёрқин далилдир. Ислом уламолари жамланган анжуманни кўринг, ҳамма ҳар тур кийимда. Бу бағрикенгликни бошқа бирорта тузумда ёки динда топмайсиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврларидаги мавжуд кийимларни кияверганлар. Муҳими – шариатга мувофиқ бўлса бас. У зотнинг шомий жубба, яманий бурда, мисрий кўйлак, ҳабаший махси кийганлари ривоятларда келади. Ваҳоланки, у пайтларда бу юртлар ҳали мусулмон бўлмаган эди. У зот ўзлари учун қулай либосларни кияверганлар. Ислом маълум бир кийимни тарғиб қилмаганини шундан ҳам билсангиз бўлаверади.
Ислом барча халқларни бағрига олгани учун ҳам арабу ажам миллатлар бир тану бир жон бўлиб, бу диннинг ривожига улкан ҳисса қўшдилар, Ислом тамаддунини бутун оламга ёйдилар. Шунинг учун Ислом жуда тез фурсатда оламийлашиб, дунёнинг учдан икки қисмини эгаллади. Бу муваффақият мусулмон халқларда такрорланмаслигини истаганлар эса мусулмонлар ўртасида миллатчилик иллатини ёйиб, уларни парчалашга уринмоқда, айни вақтда ўзлари бирлашмоқда. Бироқ содда одамлар бу каби ҳийлаларни пайқамай, олди-қочди гапларга алданиб юргани ачинарлидир.
Хулоса қилиб айтганда, илмнинг, жумладан, диннинг миллати бўлмайди. Аллоҳ динни хоҳлаган бандасига нозил қилади. Ким ундан баҳра олиб, унга хизмат қилса, ўзига фойда. Бўлмаса, бу дин билан бошқалар иззат топиб, саодат қучиб бораверади. Энг асосийси, мана шу ҳақиқатни англаган улуғ аждодларимиз манбаси ноаниқ бўлган ақидалар, хурофот тушунчалар, Форсу Ҳинддан ўтган сохта динларни тарк этиб, онгли равишда Исломни танлашган ва жуда тўғри иш қилишган. Бўлмаса, ким билади, ҳали ҳам ўтга топиниб, тошу тутга сиғиниб, жаҳолат ботқоғида юрган бўлармидик...
Аллоҳга шукрки, халқимизни Ўзининг сўнги ва мукаммал дини билан азиз қилиб, шу диннинг фидоийларидан, муаллимларидан айлади. Юртимиз Ислом тамаддунининг ўчоқларидан бири бўлиб, шу билан дунёга танилди. Илоҳим, бу шараф қиёматгача бизни тарк этмасин!
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид,
«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди имом ноиби
ЎзА