Айни кунларда дунё мамлакатлари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар нигоҳи Самарқанд шаҳрига қаратилган. Боиси, ушбу шаҳарда 30 октябрь – 13 ноябрь кунлари БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, сўнгги 40 йилда илк бор ЮНЕСКО сессияси Париждаги бош қароргоҳдан ташқарида ўтказилмоқда. Бундай нуфузли форумнинг мамлакатимизда ўтказилаётгани Ташкилотга аъзо давлатларнинг Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бўлган юксак ишончининг ёрқин ифодаси саналади.
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи нафақат мамлакатнинг маданий-сиёсий нуфузини оширишга, балки инсоният олдида турган долзарб гуманитар муаммоларни ҳал этишга қаратилган глобал платформани яратишга хизмат қилади.

Қолаверса, Самарқандда бўлиб ўтаётган мазкур анжуман тарихий, маънавий ва стратегик жиҳатдан беқиёс аҳамият касб этади. Бу нутқ орқали Ўзбекистон халқаро майдонда “илм, маданият ва ҳамжиҳатлик маркази” сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлади.
Хусусан, Президент ўз нутқида Самарқанднинг тарихий ва маънавий аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Ушбу қадимий шаҳар асрлар давомида илм-фан, маданият ва бағрикенглик маркази бўлиб келган. Мирзо Улуғбек расадхонасининг илмий мероси ёки Ипак йўли давридан қолган маданий мулоқот анъаналари бугунги “Самарқанд руҳи” ғоясининг асосий манбаи сифатида кўрсатилди. Бу руҳ – тинчлик, мулоқот ва ҳамжиҳатлик рамзи бўлиб, замонавий дунёдаги зиддиятларга қарши маънавий таклиф сифатида илгари сурилди.
Нутқда дунёдаги геосиёсий кескинлик, ахборот нотенглиги, иқлим инқирози ва билим соҳасидаги тафовутлар ортиб бораётгани ҳақида сўз борди. Президент бу муаммоларни ҳал этиш учун ЮНЕСКО доирасида кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Бу позиция Ўзбекистоннинг халқаро сиёсатдаги прагматик ва инсонпарвар ёндашувини яққол намоён этади.
Шунингдек, маърузада таълим соҳасига оид қатор стратегик таклифлар берилди. “Инклюзив таълимни ривожлантириш платформаси”, “Жаҳон профессионал таълим саммити”, “Сунъий интеллект – мактаб” лойиҳаси ва “Сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар анжумани” шулар жумласидандир.
Бу ташаббуслар таълим тизимини рақамли аср талабларига мослаштириш, ёш авлоднинг ижодий ва ахлоқий салоҳиятини оширишга қаратилган. Қолаверса, бу ЮНЕСКОнинг “Education 2030” концепцияси билан уйғун бўлиб, Ўзбекистонни билим иқтисодиёти марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев “Жаҳон хотираси” дастурини ривожлантириш, 19 ноябрни “Ҳужжатли мерос халқаро куни” сифатида белгилаш ва рақамли мерос институтини яратиш таклифини илгари сурди. Бу ташаббуслар маданий меросни рақамли форматда ҳимоя қилишни таъминлаб, тарихий хотирани глобал мулк сифатида сақлашга хизмат қилади. Ўзбекистон бу йўналишда ўзининг бой маданий мероси билан бутун инсоният маънавий хазинасига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Шунингдек, “Хотин-қизлар етакчилиги бўйича ЮНЕСКО академияси”ни ташкил этиш таклифи гендер тенглик соҳасидаги долзарб муаммоларни ҳал этишда амалий қадам бўлади. Бу ташаббус ЮНЕСКОнинг “Gender Equality Priority” дастури билан ҳамоҳанг бўлиб, илм, маданият ва фан соҳаларида аёлларнинг фаол иштирокини кучайтиришга хизмат қилади.
Маълумки, бағрикенглик ва диний мулоқот глобал барқарорлик пойдевори саналади. Шу боис, давлатимиз раҳбари диний тотувлик, бағрикенглик ва ислом маданиятининг маърифий қирраларини дунёга тараннум этиш ғоясида алоҳида тўхталиб ўтди. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг “замонавий ислом цивилизацияси маркази” сифатидаги стратегик ролини мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ЮНЕСКО Бош конференциясидаги нутқини бугунги дунёда гуманитар дипломатиянинг янги модели сифатида эътироф этиш мумкин. Унда инсон, маданият ва билим миллий сиёсатнинг марказига қўйилган. “Самарқанд руҳи” ғояси XXI аср глобал муҳокамалари учун янги маънавий концепциядир.
Гулнорахон Абдувоҳидова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш
ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА