Илм-фан йўлини ёритган даҳо
22 март – Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун
Мирзо (кейинчалик Султон) Муҳаммад ибн Шоҳрух ибн Темур Улуғбек Кўрагон — Темурийлар давлатининг ҳукмдори, буюк ўзбек астрономи ва математиги сифатида жаҳонда юксак эътироф этилади.
Манбаларга кўра, Улуғбек буюк Соҳибқирон жаҳонгир бобокалонимиз Aмир Темурнинг набираси ва Шоҳрух Мирзонинг ўғлидир. Онаси туркий қабила зодагонларидан Гавҳаршод бегим эди. У бобосининг Эронга юриши пайтида Султония шаҳрида туғилган. Унга Мирзо Муҳаммад Тарағай исми берилди. Улуғбек асли исм эмас, балки „Буюк ҳукмдор (бек)“ маъносини берувчи тахаллус эди.
Болалигида у Яқин Шарқ ва Ҳиндистоннинг катта қисмини кезиб чиқди, чунки бобоси бу ҳудудларда фатҳларни кенгайтирди. Темур вафотидан кейин Шоҳрух салтанат пойтахтини Ҳиротга (замонавий Aфғонистонда) кўчирди. 16 ёшли Улуғбек кейинчалик, 1409 йилда Самарқанднинг ҳокими бўлди. 1411 йилда у бутун Мовароуннаҳрнинг ҳокими деб эълон қилинди.
Мирзо Улуғбек тригонометрия ва сферик геометрия каби астрономия билан боғлиқ математика соҳасидаги ишлари, шунингдек, санъат ва интеллектуал фаолиятга умумий қизиқишлари билан ажралиб турар эди. Буюк мутафаккир бобомиз беш тил – туркий, араб, форс, мўғул ва оз миқдорда хитой тилларини билган деб тахмин қилинади. Унинг эътибори ва ҳомийлиги туфайли темурийлар уйғониш даври ўзининг маданий чўққисига эришди.
Қайд этилишича, аллома 1424—1429 йилларда Самарқандда буюк Улуғбек расадхонасини қурдирди. Олимлар назарида бу расадхона ўша даврда ислом оламидаги энг яхши, Марказий Осиёдаги энг йирик расадхона бўлган. Улуғбек кейинчалик кўплаб олимлар томонидан XV асрнинг энг муҳим астрономи сифатида тан олинган.
У Самарқанд ва Бухорода Улуғбек мадрасасини ҳам (1417—1420) бунёд эттириб, ушбу шаҳарларни Ўрта Осиёнинг маданий илм марказларига айлантиришга муваффақ бўлди.
Мирзо Улуғбек даврида Самарқанд гуллаб-яшнади. Унинг фармойиши билан 1417 йилда Бухорода, 1420 йилда Самарқандда ва 1433 йилда Ғиждувонда мадрасалар барпо этилди. Марв шаҳрида хайрия муассасалари қурилди. Бибихоним масжиди, Aмир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда ансамбли қурилишлари ниҳоясига етказилди. Шунингдек, Улуғбек карвонсарой, тим, чорсу ва бошқа кўплаб жамоат бинолари ҳам барпо эттирган
1417-1420 йилларда Самарқанддаги Регистон майдонида мадраса („университет“) қурдирди ва кўплаб ислом астрономлари ва математикларини ўқишга таклиф қилди. Улуғбекнинг астрономия бўйича энг машҳур шогирди Aли Қушчи эди. Қозизода Румий Улуғбек мадрасасининг энг кўзга кўринган муаллими бўлган ва кейинчалик бу ўринга астроном Жамшид ал-Коший келган.
Мирзо Улуғбек илм-фан оламида буюк астроном, математик, ёш истеъдодлар, олимлар, маърифат ҳомийси сифатида машҳур. Бу борада у амалга оширган энг буюк иш „Зижи жадиди Кўрагоний“ деб номланган астрономик жадвал саналади. Жаҳоннинг машҳур университетлари, илмий марказларида ҳозиргача йирик тадқиқотлар олиб боришда мазкур жадвалдан кенг фойдаланилади. Улуғбек тиббиёт, адабиёт ва мусиқага ҳам қизиққан. Aлишер Навоийнинг „Мажолис ун-нафоис“ асарида унинг шеъриятидан намуналар келтирилган.
Мирзо Улуғбек шахсияти, у билан боғлиқ ниҳоятда зиддиятли, оғир давр, шоҳ ва олимнинг фаолияти, ибратли амаллари Ўзбекистон халқ ёзувчиси, устоз ижодкор Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи орқали теран очиб берилган. Ўша даврнинг тарихий муҳити, темурийлар салтанатининг ўзига хосликлари, ютуғи ва таназзулини, Мирзо Улуғбекнинг буюк закосини англашда дунёнинг кўплаб тилларига тажрима этилган ушбу бу асар энг яқин кўмакчи. Дарҳақиқат, Мирзо Улуғбек ёритиб берган илм йўли бугун ҳам фандаги янгиликларни кашф этишда ўзига хос маёқ бўлиб келмоқда.
Н.Усмонова тайёрлади,
ЎзА