Илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик
Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ҳаёт давомида ўқиш” тамойили ҳақида сўз юритилиб, назария ва амалиёт уйғунлигисиз ҳеч қандай натижага эришиб бўлмаслиги, шунинг учун давлат идоралари ва ишлаб чиқариш суъбектлари ҳамда таълим жабҳасидаги узвий ҳамкорлик йўлга қўйилиши алоҳида таъкидланган эди.
Мазкур тамойил асосида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тизимдаги мутахассислар ва чорвачилик, балиқчилик ҳамда паррандачилик йўналишларида фаолият юритаётган хўжаликлар мутахассисларининг малакасини узлуксиз ошириб бориш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди.
Дастурга мувофиқ, эндиликда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик йўналишлари бўйича йил давомида махсус ўқув-семинарлари ташкил этиб борилади.
Жумладан, шу йилнинг 18-21 январь кунлари Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида соҳа олимлари, масъул мутасаддилар иштирокида “Ҳудудларда интенсив усулларда балиқ етиштириш чорва маҳсулдорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг касалликлари ва уларни тезкор ташхислаш” мавзусида ўқув-семинарлари бўлиб ўтди.

Семинарларда жами 150 нафардан ортиқ чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик йўналишларида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ҳамда 500 дан зиёд мутахассислар иштирок этди.
Ўқув-семинари иштирокчиларига Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти ва Балиқчилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган интенсив усулда чорва маҳсулдорлигини ошириш ва балиқ етиштириш бўйича инфографик материаллар, буклетлар ва тавсияномалар тарқатилди.
Семинар давомида тадбиркорлик субьектлари томонидан қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари тўлиқ тушунчалар бериб келгусида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.
Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш давлат қўмитаси
Ахборот хизмати