Илм-фан тараққиётида аёлларнинг ўрни
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиш, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, жамиятнинг ижтимоий ҳаёти ва давлат қурилишидаги иштирокини юксалтириш, лидерлик, ташкилотчилик, тадбиркорлик қобилиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида гендер тенгликни таъминлашга эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, ҳар қандай маданият гендер нейтрал эмас. Гендер тушунчаси маданиятга сингиб кетган, бошқача қилиб айтганда, маданият - бу қадриятлар ва меъёрлар, муносабат ва стереотиплар тўплами, ижтимоий таркибга киритилган, жинсга қараб белгиланадиган хатти-ҳаракатлар ва ижтимоий ўзаро таъсирлар мажмуи.
Тамаддун эволюцияси контекстида муайян этник-ижтимоий тафаккур кўп асрлар мобайнида шаклланади. Тарихда турли даврларда аёлларга нисбатан зулм кўринишлари мавжуд бўлган. Арабистон ярим оролида қиз болаларни тириклайин кўмиш каби жоҳилият даврининг шафқатсиз одатлари ҳукм сурган. Ҳиндистонда эридан маҳрум бўлган аёл ҳам тириклайин гулханда ёқилишга маҳкум бўлган. Қадимги Хитойда қиз боланинг туғилишига фалокат сифатида қаралган.
Рим давлат арбоби ва ҳуқуқшуноси Эмилий Папиниан аёлларнинг жамиятдаги мавқеи тўғрисида қуйидагича ёзган: “Қонунчилигимизнинг умумий қоидаларига кўра, аёлларнинг мавқеи эркакларникидан ёмонроқдир” (Дигестлар). Эркин бўлса ҳам, аёл ҳали ҳам фуқаролик “эркинликлари” га эга эмас эди. Масалан, у армияда хизмат қила олмайди, йиғилишларда овоз беролмайди, давлат лавозимига сайлана олмайди, судья ёки прокурор бўла олмайди, ҳар қандай учинчи томоннинг адвокати сифатида суд жараёнини ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.
“Америкада демократия” асарининг муаллифи, XIX аср француз гуманисти ва файласуфи Алексис де Токвиль бу хусусда шундай фикр юритади: “Баъзилар эркак ва аёлни нафақат тенглиги, балки яхлит эканини таъкидлайдилар. Улар эркак ва аёлга бир хил ҳуқуқларни берибгина қолмай, бир хил мажбуриятларни ҳам уларнинг зиммасига юклайдилар. Улар эркак ва аёлни бир хил фикрлаши, меҳнат қилишини истайдилар. Бу яхшиликка олиб келмайди, эркак ва аёлнинг жинс сифатида инқирозини келтириб чиқаради, заиф эркакларни ва кучли аёлларни пайдо қилади”.
Шарқ қадриятларида аёл доимо эркак кишига дўст, ёр, оқила, меҳрибон, оилавий тинчликнинг раҳнамоси сифатида улуғланган.
Аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли, хусусан, фарзанд тарбияси ва ижтимоийлашувидаги аҳамияти мутафаккирлар томонидан эътироф этилган.
Абу Райҳон Беруний ўз қарашларида оила тинчлиги бевосита оқила, ақлли, фаросатли, тарбияли аёллар қўлида эканлигига алоҳида аҳамият қаратган. Маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний: “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар”, дея таъкидлайди.
Бутун дунёда хотин-қизларнинг фан, тeхника ва инновацион ютуқлардан тeнг ва тўлақонли фойдаланишларига имкониятлар яратиш, мазкур соҳада гeндeр тeнгликни таъминлаш БМТ Бош Ассамблeяси томонидан 2015 йил 22 декабрда қабул қилинган “Тараққиёт мақсадларидаги фан, тeхника ва инновациялар” тўғрисидаги A/RES/70/212 – сонли рeзолюцияда ўз аксини топган. Мазкур резолюцияга кўра, 2016 йилдан бошлаб ҳар йили 11 фeвраль “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” (International Day of Women and Girls in Science) сифатида нишонланади. Бундан кўзланган асосий мақсад, аёлларнинг илм-фандаги иштирокига эътибор қаратиш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.
Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш бўйича ишлар янги босқичга кўтарилди. Халқаро меҳнат ташкилотининг “Бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисида”ги, “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисида”ги конвенцияларнинг ратификация қилиниши миллий даражада аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг зарур халқаро-ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади. Бу борада олий таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йилида хотин-қизларга 4 фоиз қўшимча давлат грантларининг ажратилиши уларга берилган яна бир имтиёздир.
Бугун жамиятимизнинг илмий-техникавий фаолиятида хотин-қизлар фаол иштирок этмоқда. Олима аёллар томонидан илм-фан соҳасидаги изланишлар ишлаб чиқариш, саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий-маданий соҳаларнинг ривожига салмоқли ҳисса бўлмоқда. 2018 йилдан бери ўтказиб келинаётган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” танловида рационализаторлик таклифлари, инновацион ғояларни амалиётга жорий этиш мақсадида талаба ва ўқувчи қизлар, дастурчи ва тадбиркор аёллар иштирок этиб келади. “Олима аёллар грантлари” танлови хотин-қизларни илм-фан соҳасида қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилади. Хусусан, 2020 йилда танлов доирасида Республика ихтисослаштирилган илмий - амалий акушерлик ва гинекология тиббиёт марказининг ҳомиладор аёлда эндотелиал тизимининг кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда ҳомила йўқотиш синдромини ривожланиш хавфини эрта ташхислашни ишлаб чиқишга қаратилган инновацион лойиҳасига йиллик 899,9 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиши тасдиқланган.
Мамлакатимиз илм-фани ва маънавияти ривожига улкан ҳисса қўшган, миллий тарихда ўзининг ноёб иқтидори билан ном қолдирган, юксак интеллектуал салоҳият ва кенг дунёқарашга эга юзлаб аёллар номини келтириш мумкин.
Оққан дарё оқаверади. Илм-фан ва тафаккур карвони ўз йўлида давом этади, устоз-шогирд анъаналари, авлодлар узвийлиги таъминланади.
Айни пайтда аёлларнинг илмий фаолиятда нуфузи ва ўрнини янада оширишга дахлдор масалалар – олималарга ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга кўмаклашиш, тадқиқотларни амалга оширишнинг ташкилий имкониятларини яратиш, илмий фаолиятда гендер дискриминация муаммосига барҳам бериш, олима аёллар учун илмий нуфузли мукофотлар таъсис этиш, тадқиқот грантлари, хорижий стажировка дастурларини кенгайтириш, олималарнинг академик мобиллигини ошириш, инновацион ғояларни тижоратлаштириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини йўлга қўйиш, илм-фанни ижтимоий тараққиётнинг драйвери ва генераторига айлантириш соҳанинг бундан кейинги ривожида самарали ечимдир.
Моҳира Холиқова,
“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи.
ЎзА