Илм-фан пойдевори мактабларда мустаҳкамланади
Шаҳардаги 7-умумтаълим мактабида ташкил этилган тадбирда вилоят, шаҳар ва туманлардан умумтаълим мактабларининг тегишли фанлар ўқитувчилари, педагогик тажрибаси оммалаштирилган, давлат мукофоти билан тақдирланган илғор педагоглар вакиллари иштирок этди.
Наманган шаҳрида мактабларда таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, тарих ва ҳуқуқ фанларини ўқитишда янги педагогик технологиялардан фойдаланиш ҳамда Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг ўқитувчи ва ўқувчилар ҳаётидаги амалий ифодаси масалаларига бағишланган вилоят семинари ўтказилди.
Шаҳардаги 7-умумтаълим мактабида ташкил этилган тадбирда вилоят, шаҳар ва туманлардан умумтаълим мактабларининг тегишли фанлар ўқитувчилари, педагогик тажрибаси оммалаштирилган, давлат мукофоти билан тақдирланган илғор педагоглар вакиллари иштирок этди.
Семинарда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, унинг жамият ислоҳотини янги босқичга олиб чиқишдаги аҳамияти ва тизимда мазкур дастуриламални чуқур ўқиб-ўрганишни ташкил қилиш ҳамда фаолиятни ундан келиб чиқадиган вазифаларни аниқ белгилаб олган ҳолда такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

– Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш мақсади таъкидланди, – дейди 7-умумтаълим мактаби директори Валижон Мақсудов. – Албатта, бу олий таълим муассасаларига қабул квотасини кўпайтириш билангина эришиладиган кўрсаткич эмас. Бу ўша кўпайтирилган квоталарга муносиб, яъни давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларни тарбиялаб бериш умумтаълим тизими, яъни бизнинг олдимизга қўйилган жуда улкан ва масъулиятли вазифадир. Демак, биз – ўқитувчилар ҳам аввало ўз устимизда ишлашимиз, фаолиятимизни ана шундай юксак талабларга мувофиқ янги босқичга кўтаришимиз шарт.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари учун мазкур таълим муассасаси бўйлаб кичик экскурсия уюштирилди. Улар педагогик жамоа фаолияти, ёшларнинг билим олиши учун яратилган шароитлар билан таништирилди.

Семинар ташкил этилган мактаб математика фанини ўқитишда эришган юқори натижалари билан вилоятдаги етакчи таълим муассасаси саналади. 1660 ўринли мактабнинг 78 та синф хонаси, спорт комплексида ўғил-қизларнинг интеллектуал ва жисмоний камол топиши учун барча шароит яратилган. Айни пайтда бу билим даргоҳида 4 минг 200 дан зиёд ўқувчига 17 нафар олий, 52 нафар биринчи, 50 нафар иккинчи тоифали ҳамда 87 нафар мутахассис тоифасига эга ўқитувчилардан иборат педагогик жамоа таълим бермоқда.
Мактаб фаолияти билан танишувдан сўнг семинар иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда очиқ дарс машғулотлари воситасида тажриба алмашди.