Навоий вилояти Конимех туманида эҳтиёжманд оилалар фарзандларини мактабгача таълим тизимига бепул қамраб олиш, уларнинг жамиятга мослашиши, қобилиятларини ривожлантириш ва келгусида муваффақиятли таълим олишга замин яратиш мақсадида “Илк ривожланиш маркази” иш бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги “Илк ривожланиш марказлари фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган марказда иккита модель асосида таълим йўлга қўйилган.

Уларнинг биринчиси “Ўйин гуруҳи” бўлиб, унда 3-6 ёшли болалар 3,5-4 соатлик қисқа муддатли гуруҳларда таълим-тарбия олади. Кунига икки навбатда ишлайдиган гуруҳлар зарур жиҳоз ва ўйинчоқлар билан таъминланган.

Иккинчи “Махсус мактабгача таълим хизмати” гуруҳида эса 2-7 ёшли алоҳида эҳтиёжли болалар тарбияланиб, бу ерда махсус педагоглар (тарбиячи, логопед, психолог) оилаларнинг уйига борган ҳолда бола билан 40 дақиқа таълим машғулоти, сўнг 20 дақиқа ота-она билан маслаҳат олиб боради. Ҳар бир бола учун индивидуал дастур ишлаб чиқилади.

Бугунги кунга қадар Навоий вилоятида 4 та туман ва шаҳарда “Илк ривожланиш маркази” фаолияти йўлга қўйилиб, 600 нафарга яқин кам таъминланган оилалар фарзандларини мактабгача таълим билан қамраб олиш имконияти яратилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири