Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этилган “Илк ривожланиш маркази”да Мактабгача таълим агентлиги тизимидаги экстремал давлат мактабгача таълим ташкилотлари директорлари иштирокида амалий семинар-тренинг бўлиб ўтди.
– Мазкур марказда “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳаси тажриба сифатида синовдан ўтди, – деди тадбирда иштирок этган Мактабгача таълим агентлиги мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Зафар Усанов. – Семинардан кўзланган мақсад ушбу лойиҳанинг яхши томонларини оммалаштириб, уни қандай давом эттириш масаласини кўриб чиқишдир. Шунинг учун соҳа мутахассислари ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, таклифларини билдирса, шунга қараб кейинги ишларимизни режалаштирамиз.

Тойлоқ туманида 50 маҳалла мавжуд бўлиб, марказга 41 маҳалладан 816 нафар бола қамраб олинган. Тарбияланувчиларга Мактабгача таълим агентлиги мутахассислари ва психологлари суҳбатидан ўтган, семинар-тренингларда малака оширган 36 нафар педагог таълим бермоқда.

– Марказда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила фарзандлари ва инклюзив таълимга эҳтиёжи бор болалар тарбияланади, – дейди “Илк ривожланиш маркази” координатори Зарина Зоҳидова. – Болалар икки навбатда келади. Педагогларимиз томонидан ақлий ривожлантириш машқлари, турли машғулотлар ўтказилади. Лойиҳа амалга оширилаётганидан буён 1600 нафардан ортиқ болажонга таълим-тарбия берилди.


Семинар иштирокчилари “Илк ривожланиш маркази”да яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Шунингдек, уларга Наманган вилояти Косонсой туманидаги “Илк ривожланиш маркази” иш тажрибаси ҳақида ҳам маълумот берилди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири