Қиличбозларимиз онлайн машғулот ўтказмоқда
Шунингдек, машғулотларда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари мураббийлари ҳам қатнашмоқдалар.
Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг 10 июль санасидан бошлаб барча вилоятлардан истиқболли қиличбозларни жалб қилган ҳолда онлайн ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилмоқда. Мазкур ўқув-тренинг интернетдаги учта ZООМ платформаси орқали турли ёш тоифалари иштирокида кунига икки марта ўтказилмоқда.
Биринчи платформада Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига кирувчи (104 нафар), иккинчисида 2005-2007 йилларда туғилган (111 нафар), учинчи платформада эса 2008 йилда туғилган спортчилар (103 нафар) қамраб олинган.
Машғулотларни уч карра Олимпиада чемпиони, икки карра кумуш ва бир марта Олимпия ўйинларининг бронза медали соҳиби Владимир Назлимов, Мартин Камаджиев (Болгария) сабля йўналишида, шпага йўналиши бўйича венесуэлалик мутахассис Хосе Бенавидес олиб боришмоқда.
Шунингдек, машғулотларда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари мураббийлари ҳам қатнашмоқдалар.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан илк маротаба амалиётга татбиқ этилганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Бундан кўзланган асосий мақсад спортчилар эътиборини умумий жисмоний тайёргарлик ҳамда махсус машғулотларга жалб қилишга қаратилган.
Айтиш керакки, келгусида қиличбозлик бўйича биринчи онлайн мусобақаларни ўтказиш ҳам режалаштирилган.