Қилич кесолмайдиган мўйлов
Тилимизда «шоп мўйлов» деган ибора бор. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега айнан “шоп”. Мўйловга шопнинг қандай алоқаси бор?
Она тилим - олтин сандиғим
Тилимизда «шоп мўйлов» деган ибора бор. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега айнан “шоп”. Мўйловга шопнинг қандай алоқаси бор?
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “шоп” сўзининг илдизи шундай изоҳланади: Қадимда учи орқага қайрилган тиғли қилич “шоп” деб аталган. Диққат қилинг-а, шоп мўйловнинг ҳам учи орқага қайрилган бўлади. “Шоп мўйлов” деган бирикма ҳам шу маънодан келиб чиққан. Бизда “Муртини болта кесмас” деган матал бор. Қарангки, баъзи шоп мўйловларни қилич ҳам кесолмайди.
Гапнинг “дангал”и
Ҳақиқатан ҳам биттагина сўзда кўп кечмишлар яшириниб ётади. Биз “дангал” сўзини бугунги кунда лўнда, бир сўзли, мард маъноларида тушунамиз. Хўш, “дангал” сўзи қандай пайдо бўлган? Унинг дунёга келишига асос нима?
Қадимда бу сўзнинг асл маъноси шундай бўлган: арпа ва буғдойлар ўрилгач, уларнинг даста-даста қилиб боғланган боғи “дангал” дейилган. Маҳмуд Кошғарийнинг изоҳи бу. Қаранг-а, одам ҳам ўзини эплай олмай ҳар тарафга хасдай сочилиб ётса, бир бутун ҳолга келолмаса, у ҳеч қачон дангал бўлолмайди-да. “Дангал одам” ибораси асосан одамнинг қатъиятини ва мустаҳкам сифатларини ифодалаш учун қўлланади.
“Урғочи” “уруғ очувчи”ми?
Урғочи – бу сўзнинг этимологияси ҳақида “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да шундай дейилган: “Бу сифат қадимги туркий тилда мавжуд бўлиб, “ҳосил қил” маъносини англатган “ур” феълига кучайтириш маъносини ифодаловчи “-ға” қўшимчасини ва шахс маъносини билдирувчи “чы” қўшимчасини қўшиб ҳосил қилинган”. Албатта, бу изоҳда “уруғ” сўзининг туб илдизига ишорани кўришимиз мумкин. Лекин шу ўринда менинг хаёлимга яна бир фикр келди. Гарчи бу фараз аниқ асосларга эга бўлмаса-да, айтиб ўтишни маъқул топдим. “Урғочи” сўзи “уруғ очувчи” ёки “уруғ очди” деган маънога эга эмасмикин? Ҳарқалай, бу тахминни ҳам ўйлаб кўриш керак.
Лаваш ва ош
Гўштни кабоб қилиб, юпқага солиб тайёрланган егулик “лаваш” деб аталади. Манбалар “лаваш” сўзини туркий сўз деб кўрсатадилар. “Туркий тиллар этимологик луғати”да “Л” ҳарфи “лаваш” сўзи билан бошланади. Луғатда Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида дастурхон тузаш “ливаш терги” деб ифодалангани таъкидлаб ўтилади. Яна шуни таъкидлаш керакки, “лаваш” сўзи “лав” ҳамда “ош” сўзларидан таркиб топган. “Ош” ҳаммамизга маълум. “Лав” ёки “лив” сўзлари ҳақида эса, турли фаразлар айтиб ўтилган. Жумладан, хитой тилидаги “ли” дон маъносини, араб тилидаги “лив” овқат маъносини, шунингдек, қурбонлик таоми ва бошоқли экинлардан тайёрланган егулик маъносини билдириши мумкинлиги тахмин қилинган.
“Лаваш” сўзининг қадимги тилимизда “қозон” маъносида келганлигини ҳам манбалар таъкидлаб ўтадилар.
Нархнинг навоси
Қайга борсанг, гап обу ҳаво билан нарху наводан бўлиши тайин. Шунинг учун ҳам тилимизда “нарху наво” сўзи тез-тез ва кўп қўлланади.
Нарсанинг пул билан ўлчанадиган қиймати “нарх” сўзи билан ифодаланишини яхши биламиз. У ҳолда “нарх” сўзига қўшилиб келаётган “наво” сўзи қандай мазмунни англатади?
“Ўзбек тилининг этимологик луғати”да изоҳланишича, “наво” сўзи форсийда “турмуш кечириш учун зарур шарт-шароит” маъносини билдиради. Демак, “нарх-наво” сўзи “турмуш кечириш учун зарур нарсаларнинг қиймати, нархи” мазмунини англатади. Тилимиздаги “бенаво”, “бенаво қул” ибораси шундан келиб чиққан. Абу Саид Абулхайрнинг “Бу бенаво қулға навое йўлла” деган мисраси бор. Шунингдек, “наво” сўзининг “гаров” маъноси ҳам бор.
“Қарз”нинг “қавола”си нима?
“Қарзи қавола” сўзи ҳам тилимизда кўп ишлатилади. Унинг “қарз-қавола” шакли ҳам бор. Арабча “қарз” сўзининг маъноси ҳаммамизга маълум. Хўш, унда унга “қавола” сўзи қандай қўшилиб қолган ва бу сўз қандай мазмунга эга? “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да изоҳланишича, “қавола” сўзи асли “кафолат берди” маъносини англатган.
“Қарз” ва “қавола” сўзлари тилимизга араб истилоси давридан сўнг кириб келган. Маҳмуд Кошғарий девонида қарз “алым” сўзи билан, қарз берувчи “алымчи” сўзи билан ифодаланган.
Кошғарий “алiм кеч қалса азақланур”, яъни “кечиккан қарз оёқ чиқаради”, “алiмчи арслан, беримчи сичған”, яъни “қарз берувчи арслон, олувчи сичқон” деган мақолларни келтириб ўтади. Хакас ва қарачай-малкар тилларида “алым” сўзи ҳозиргача қарз маъносида келади.
Хуллас, “қарзи қавола” бирикмаси “кафолат билан олинган қарз” маъносини англатади.
Эшқобил Шукур,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
"Бобо сўз изидан" китобидан