Миллий матбуот марказида яқинда давлатимиз раҳбари томонидан ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда кўтарилган асосий масалалар ҳамда белгилаб берилган вазифалар ижроси ва таҳлилига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида соҳани рақамлаштириш учун зарур бўлган йирик доимий хотирага эга (1 100 терабайт) “Маълумотлар маркази” ишга туширилгани қайд этилди.
Ўзаро интеграция қилинмаган “Давреестр”, “Кўчмас мулк”, “Кўчмас мулк-3” ахборот тизимлари ўрнига Жаҳон банки билан ҳамкорликда “Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими” яратилди. 2021 йил 1 майдан бошлаб янги интеграциялашган ахборот тизими орқали Ўзбекистон тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги ерларини электрон шаклда давлат рўйхатидан ўтказиш бошланди.
Шу жумладан, 24,1 миллион гектар қишлоқ хўжалиги еридан 23,1 миллион гектарининг (96%) электрон харитаcи яратилди. Қолаверса, 21,8 миллион гектар (95%) 127 мингта ердан фойдаланувчи кесимида кадастр йиғма жилдлари шакллантирилган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилди.
Илгари ҳисобга олинмаган 412 мингта янги кўчмас мулк объекти кадастр базасига киритилди ва маҳаллий бюджетга қўшимча 442,3 млрд сўм солиқ олинди. Шуни ҳам айтиш жоиз, 477,7 мингта кўчмас мулк объектларида қўшимча қурилмалар аниқланди.
Матбуот анжуманида ер ҳисобини юритиш бўйича 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган энг долзарб вазифалар ҳақида маълумот берилди.
Жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа тоифадаги ерларни (сув, табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш, саноат, транспорт, алоқа, мудофаа, захира) электрон харитасини яратиб, давлат рўйхатидан ўтказиш ишларини амалга ошириш, Миллий ортофотопланларимизни яратиш ва топологик хатоликларнинг олдини олиш, “кўчмас мулк”, “Кўчмас мулк-3” (1-C) ахборот тизимларидаги мавжуд 8 миллионга яқин кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни янги “Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими” (UzKad)га миграция қилиш шулар жумласидан.
Шунингдек, илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда Ягона координаталар тизимида ишлаш механизмларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
GNSS станцияларини ҳудудларга босқичма-босқич ўрнатиш, тизим ташкилотлар ва ходимларни Ер тузиш ишларини бажариш учун замонавий янги тизимларда ишлайдиган асбоб-ускуналар билан таъминлаш режалаштирилган.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА