Иккинчи босқичи фойдаланишга топширилди
Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Қизилқум фосфорит мажмуасининг иккинчи босқичи ишга туширилди.
Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Қизилқум фосфорит мажмуасининг иккинчи босқичи ишга туширилди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида мамлакатимизда ишлаб чиқариш ҳажми ва сифати муттасил ошиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 апрелда қабул қилинган «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлаётир.
Умумий қиймати 59,9 миллион АҚШ долларилик сармоя эвазига Германиянинг “INGINEERING DOBERSEК GmHB” компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган мажмуанинг иккинчи навбатида фосфорит рудасидан юқори сифатли куйдирилган фосфорит концентратлари тайёрлаш ҳажми йилига 716 минг тоннага етказилади. Бу ишлаб чиқариш суръатини қарийб икки баробар ошириб, қўшимча 136 янги иш ўрни яратиш имконини беради.
– Мазкур лойиҳа комбинат тизимида олиб борилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди, – дейди мажмуа бўлим бошлиғи Жасур Абдуллаев. – Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхонада асосан ёшлар меҳнат қилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнларининг тўлиқ автоматлаштирилгани иш суръатининг ошишида муҳим омил бўлмоқда.