Кадастр паспорти кўчмас мулк объекти тўғрисидаги умумий маълумотлар ва объектнинг кадастр рақамини ўз ичига олган электрон ҳужжат ҳисобланди.
–Кадастр паспорти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида шакллантирилади,–дейди Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармаси мутахассиси Сардор Пиримов. – 2023 йилда Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармасининг ҳудудий филиалларига кадастр паспортини шакллантириш масаласида 35 минг 992 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 22 минг 253 таси ижобий ҳал этилган. Натижада кадастр паспорти расмийлаштириб берилган.
Кадастр паспортини шакллантириш учун сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилганлиги, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, ариза берувчи ёки унинг вакили келишилган манзилда бўлмагани, ваколатли орган томонидан кадастр паспортини расмийлаштириш бўйича кўчмас мулк объектига тақиқ ёки хатлов қўйилгани сабабли 11 минг 496 та ҳолатда бино-иншоотларга кадастр паспорти расмийлаштирилмаган.
Жорий йилнинг ўтган икки ойи давомида эса кадастр паспортини шакллантириш масаласида 5 минг 353 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 3 минг 86 таси ижобий ҳал қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири