Икки минтақа ҳамкорлиги йўлида муҳим қадам
Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 15-16 июль кунлари бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференциясида Президентимизнинг “Тарихий ва цивилизациявий муштараклик, халқларимиз ва мамлакатларимизнинг умумий манфаатлари фаровон келажакни бунёд этишда мустаҳкам замин яратиш” мавзуидаги нутқини бутун дунё жамоатчилиги катта қизиқиш билан кузатди, десак муболаға бўлмайди.
Мазкур нуфузли тадбирдаги нутқдан келиб чикиб касаба уюшмалари олдида турган вазифалар, уларни амалга ошириш механизмларини белгилаб олиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мурожаатномаси эълон қилинди.
Бухорода мазкур мурожаатномани барча бўғиндаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари – корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ходимлар, жумладан ёшлар орасида тарғиб этиш мақсадида очиқ мулоқот шаклидаги учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Тахдидлар ва имкониятлар» шароитида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг кўп миллионли аьзолари ва мамлакатимиз аҳолисига мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Таъкидланганидек, бугунги глобаллашув асрида нафақат мамлакатлар, балки минтақалараро чегаралар очилиб, иқтисодий, ижтимоий, маданий, илм-фан, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда кучли ҳамкорликка эҳтиёж пайдо бўлмоқда. Шундай экан мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва тараққиётга эришиш учун Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ҳамкорликни янада кучайтириши зарурати пайдо бўлмоқда. Давлат раҳбарининг таъбири билан айтганда “шундай мураккаб шароитда қарийб икки миллиард аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта тиклаш муҳим ҳаётий зарурат ва табиий жараёнга айланмоқда”.
[gallery-3276]
Шунингдек, конференцияда давлатимиз раҳбари қатор таклифларни билдирди. Жумладан, “Яшил” иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш ва экология масалалари, айниқса, бугунги кунда глобал муаммога айланиб бораётган Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият ва унинг оқибатларини юмшатиш чораларини кўриш кераклигига тўхталди. Президентимиз Орол фожеасига Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ва бошқа халқаро анжуманларда ҳар доим дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратиб келмоқда.
Конференцияда Президентимиз туризм масаласида “Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш тарафдори” эканлигини алоҳида қайд этди.
Коронавирус пандемияси жамиятнинг барча соҳалари, шу жумладан, туризм соҳасига ҳам салбий таъсирини қўрсатди. Энг катта зарарни ушбу соҳа кўрди, десак янглишмаган бўламиз. Чунки касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида деярли барча давлатлар ўз чегараларини ёпиб, давлатлараро транспортнинг барча турлари тўхтатилди.
Бу эса бутун дунё давлатлари ўртасидаги интеграция жараёнларига салбий таъсир қилиб, биринчи навбатда дунё бўйлаб туристлар оқимини кескин камайтирди. Энди эса, мазкур соҳани қайта тиклаш ва янада ривожлантириш учун давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “вакцинация бўйича ўзаро тан олинган сертификатлар асосида “Янги шароитдаги туризм” концепциясини кенг жорий этиш зарур”.
Конференциянинг аҳамияти ва унда билдирилган таклифларнинг долзарблигини унда иштирок этганлар ҳам алоҳида таъкидлади. Чунки Президентимиз айтганидек, “ўзаро алоқаларни ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамламасдан туриб, бугунги кунда мамлакатларимиз дуч келаётган хавф-хатар ва таҳдидларни енгиб бўлмаслигини чуқур англаш вақти келди”. Демак, ҳамкорликни кучайтириш борасида бу каби анжуманлар, учрашувлар тез-тез ўтказиб турилиши керак.
Тадбирда Президентимизнинг халқаро анжумандаги нутқи ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг кўп миллионли аъзолари ва мамлакатимиз аҳолисига мурожаати бўйича фикр мулоҳазалар билдирилди..
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА