Икки масала ҳам ҳаракатга ундайди
«Минтақа баҳори» мақоласида давлатимиз раҳбари олиб бораётган янгича сиёсат моҳияти атрофлича таҳлил қилиб берилган.
Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги сайтида шу йилнинг 21 марти куни эълон қилинган «Минтақа баҳори» мақоласида давлатимиз раҳбари олиб бораётган янгича сиёсат моҳияти атрофлича таҳлил қилиб берилган.
Муаллиф икки масалани ўртага қўйган. Биринчиси ‒ узоқ йиллардан бери беҳаловат ҳаёт давом этаётган қўшни Афғонистонда тинчлик-осойишталик ва барқарорлик ўрнатиш, иккинчиси ‒ мамлакатимизда камбағалликни камайтириш сиёсатини изчил амалга ошириш.
Бу икки масала юзаки қарагандагина бир-бирига алоқаси йўқдек туюлиши мумкин. Амалда эса улар бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Қ. Рафиқов: “Шу икки йўналиш, ўйлайманки, нафақат Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ўзида акс эттириши билан, балки бутун бир минтақа ҳаётига дохиллиги билан ҳам ажралиб туради. Қолаверса, бу «миллий концепция» Ўзбекистоннинг ташқи имижига ҳам ижобий таъсир этади”, ‒ деб ёзади.
Мақола муаллифининг нуқтаи назарига кўра, Марказий Осиё минтақаси халқларини порлоқ келажак кутаётибди. Бу ‒ жануб билан тиғиз иқтисодий-ижтимоий алоқаларни ўрнатиш орқали амалга ошадиган эзгу ғоя. Чунки, тўғри таъкидланганидек, ҳар қандай давлатнинг тараққий этиши ‒ бугун жаҳон бозорига қай даражада кириб боришига бевосита боғлиқ. Бизни жанубда жуда катта бозор кутиб ётибди. Ахир, Афғонистон, Эрон, Покистон ва Ҳиндистонда дунё аҳолисининг бешдан бири, яъни 1,5 миллиард киши истиқомат қилади. Марказий Осиё эса ‒ Афғонистонни ҳам қўшганимизда 100 миллион кишили минтақа. Шу ҳудуднинг марказида Ўзбекистонимиз жойлашган. У амалда минтақадаги қолган беш давлатнинг ҳаммасини ўзаро боғлаш имконига эга. Бу бизга жуда катта мувофиқлаштириш имконини беради.
Бироқ ана шу катта бозорга кириб боришимиз учун Афғонистон йиллар мобайнида ўтиб бўлмас чангалзордай бўлиб ётибди. Агар шу мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилса, у ерда мўътадил муҳит пайдо бўлади, барқарорлик юзага келади, замонавий тараққиёт бошланади.
Қ.Рафиқов тўғри қайд этганидек: “Президентимиз бошлаган тинчлик йўли эса минтақа иқтисодиёти артериясини қирқ йиллик тиқинлардан тозалаб, Марказий Осиё томирларида худди бир пайтлардагидек «тоза қон» оқишини таъминлайди. Бу ‒ ўз кўлами ҳамда натижадорлигига кўра, жуда улкан ишдир”.
Муаллиф, албатта, Афғонистонда тинчлик ўрнатилишининг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий-тижорий томонларини назарда тутган. Бироқ бунинг улкан маънавий-маърифий аҳамияти ҳам бор. Аввало, кўҳна тарихимиз Афғонистон билан чамбарчас вобасталикда кечган. Кушон давлатини оламизми, сомонийлар ёки ғазнавийлар давлатларини кўзда тутамизми, темурийлар, шайбонийлар, аштархонийлар давлатларини ўрганамизми ‒ ўзаро туташ тақдирга дуч келаверамиз. Хусусан, темурийлар даврида Ҳиротни пойтахт қилган Хуросон давлатининг равнақини, унинг минтақа маънавий-маърифий ҳаётида тутган ўрнини бир тасаввуримизга келтирайлик. Ҳирот амалда темурийлар салтанатининг Самарқанддан кейинги йирик пойтахти эди. Эҳ-ҳе, бу ерда Хуросон ва Мовароуннаҳр халқларининг қандай-қандай буюк маданиятлари шаклланди, равнақ топди, оламшумул ёдгорликлар бунёд этилди. Биргина адабиёт оламида камида Мавлоно Лутфий, Мавлоно Абдураҳмон Жомий, Ҳусайний (Ҳусайн Бойқаро), ҳазрат Алишер Навоий, Ҳусайн Воиз Кошифий, Шайхим Суҳайлий, Камолиддин Биноий, Атоуллоҳ Ҳусайний каби зотлар майдонга чиқди.Лоақал, буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий меросини пухта-пишиқ, ҳар тарафлама илмий ўрганиш, уларда тилга олинган макон билан боғлиқ нуқталарни ёритиш учун ҳам мутахассисларимиз Ҳирот кўчаларида қадамба-қадам юриши, шу муқаддас тупроқ чангини ютиши, шу улуғ аждодларимиз қабрларини зиёрат қилиши... керак эмасми?!
Ҳолбуки, масофа жиҳатидан бу жойлар бизга унчалар узоқ эмас. Бир кун келади, Тошкент, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Хива, Нукусдан... автобус ёки поездга ўтириб, Кобулга борамизда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ҳиротга борамизда, Абдуллоҳ Ансорий, Мавлоно Лутфий, Абдураҳмон Жомий, Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий, Ғазнага борамизда,Абу Райҳон Беруний қабрини зиёрат қиламиз, боболаримиз қурдирган иморатларни кўрамиз. Ёки афғонистонлик биродарларимиз Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон, Термиз, Шаҳрисабз шаҳарларини зиёрат қилиб кетишади. Ўртада саёҳат саноати ривожланади. Бундан икки тараф ҳам бирдай ютади.
Қ. Рафиқов мақоласида мамлакатимизда камбағалликни камайтиришга қаратилган янгича сиёсатнинг алоҳида урғу бериб таъкидлаганини ҳам тўла маъқуллаймиз.
Камбағал” сўзидан шу қадар қўрқдикки, гўё буни тан олишни уят билдик, ўрнига «кам таъминланган» деган сунъий,китобий бир атама ҳам яратиб олдик.
Иккаламиз гувоҳ бўлган воқеа беихтиёр эсга тушади. Мамлакатимиздаги ўрта махсус таълим муассасаларидан бирида огоҳлик мавзусида маъруза қилаётган нотиқ«камбағал»сўзини ишлатди. Бундан қўрқиб кетган ана шу таълим муассасаси раҳбари тадбир сўнгида махсусан сўзга чиқиб, ўзича бунга изоҳ берган бўлди: «Камбағал» сўзини ҳурматли маърузачимиз билиб-билмай, тасодифан ишлатиб юбордилар, аслида, у киши «кам таъминланган» демоқчи эдилар. Чунки мамлакатимизда камбағаллар йўқ, кам таъминланганларгина озми-кўпми учраб туради, холос”, ‒ деди.
Ҳолбуки, бу ҳақиқатга зид баҳо эди. Бу билан моҳият ўзгармас эди.Чунки касални ҳар қанча яширмайлик, иситмаси ошкор қилаверди.
Қ. Рафиқов, ҳатто, яқин Шарқ мамлакатларидаги террористик ҳаракатларда Марказий Осиё давлатлари фуқароларининг иштирок этишини ҳам айнан камбағаллик омили билан боғлайди. Чунки ишсиз одам арзимаган ҳар қандай чақа учун юртини, эътиқодини, миллатини сотиб, ёт ғоя тарғиботига қўшилади, қўлига қурол ҳам олади. Бу ‒ жуда ёмон кўргулик. Ахир, тайинли иши, мунтазам ва кафолатли даромади бор, шунга бола-чақасини боқаётган, орзу-ҳавасини кўриб, яшаётган кишини ким ҳам йўлдан ура олади?!
Тождор вирус туфайли юз бераётган карантин бутун Ер юзида, жумладан, мамлакатимизда ҳам камбағалликка қарши курашни неча чандон кучайтиришни тақозо этаётибди.
Хуллас, муҳтарам сенаторимиз таҳлил қилган бу икки масала ҳам давлат ва халқни ҳаракатга ундайди.
Шуниси ‒ энг муҳим.
Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,
СамДУ профессори, филология фанлари доктори.
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси,
«Нақшбандия» журнали бош муҳаррири, филология фанлари номзоди.