Икки энг азиз неъмат бор, кўплар унинг қадрига етмайди...
Одатда тинчлик сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш-жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тизими бир меъёрида бўлишлигини ифода этади.
Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, бардавом ва мустаҳкам, эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир.
Дарҳақиқат, Аллоҳ асрасин, оила ва юрт нотинч бўлса, тўй-томоша, кўнгилхушлик, ҳазил-мутойиба, ҳаёт лаззатини тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон бирор луқмани хотиржам ютмайди, ҳар қандай кошона уй-жой, мол-мулк, бола-чақа инсон танасига оғирлик қилади. Айтишларича, нотинчлик, уруш сабабидан охирги беш минг йилда уч миллиарддан зиёд одам ҳаётдан кўз юмган.
Урушлар сабабидан меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, ҳар қандай эзгу амаллар, улуғ мақсадлар поёнига етмайди. Ер қанчалик кенг бўлмасин, шунчалар тор ва зиқ кўринишга мубтало бўлади.
Муқаддас динимиз дастури бўлмиш Қуръон оятларида тинчлик-осойишталикка катта эътибор қаратилиб, Аллоҳ таоло: «Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур» (Исро, 83) деб, тинчлик-осойишталик тўғрисида марҳамат қилади.
Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: «Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро уришиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!» (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик тамойилини яратишга чақиради.
Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, «Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир» (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).
Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, бундай дейди: «Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир» (Бақара, 208).
Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Аллоҳ таолонинг исмларидан бири «Ас-Салом»дир. Қуръон нозил бўлган кеча ҳам салом кечасидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломи шарифида: «У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир», дейди (Қадр, 5).
Динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта бўлиши билан бир қаторда бағрикенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан ҳис этади.
Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир.
Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом, энг аввало, инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишликни сўраб, дуо қилишлик тўғрисида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин» деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир», дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Айнан шу мазмунни Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишликни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишлик берилса, нажот топибсан», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, хотиржамлик тилайлик!
Умрзоқ Тожиқулов,
«Кўкалдош» ўрта махсус билим юрти битирувчиси