Акс-садо
Мамлакатимиз халқаро майдонда ҳар томонлама пухта ўйланган, изчил, очиқ ва прагматик ташқи сиёсий фаолиятини давом эттириб, жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик алоқаларини жадал олиб бормоқда. Ушбу ислоҳотлар замирида, албатта, халқимизнинг кўп асрлик тарихи, маданияти, анъана ва қадриятлари, эзгу орзу-интилиш ва манфаатлари мужассам.
Айниқса, сўнгги йилларда кузатилаётган ўзгариш ва жараёнлар, янгича ёндашув ва дадил қадамлар ташқи сиёсатимизда ҳам янги саҳифа очилишига замин яратмоқда.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу мамлакатга амалга оширган давлат ташрифини Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида ўта муҳим тарихий воқеа сифатида баҳолаш мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Туркия Республикаси Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим, алоҳида ўринга эга бўлган ўзига хос мамлакат ҳисобланади. Буни қуйидаги бир қатор омиллар билан изоҳлаш мумкин. Биринчидан, ушбу мамлакат дунёдаги 200 дан ортиқ давлат ичида Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ва шу тариқа унинг дунё харитасида янги давлат сифатида эътироф этилиши жараёнини бошлаб берган бўлса, иккинчидан, ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Ҳар икки халқ ҳам туркий тилда сўзлашувчи биродар халқлар бўлиб, уларнинг маданияти, дини ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқин.
Қолаверса, Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникацияси, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади, албатта. Икки кучли лидернинг ўз давлати тинчлиги ва равнақи йўлидаги мардлиги, қатъийлиги, стратегик масалалардаги ҳамкорлиги бугунги кундаги жаҳон сиёсий майдонидаги қалтис вазиятлар, давлатлараро ишончсизлик муносабатлари кескинлашуви жараёнида янада сезилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг Туркияга расмий ташрифи дастурида икки мамлакатнинг етакчи корхоналари ва компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар, кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни, аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилиш ўрин олди.
Айни пайтда Ўзбекистонда бир қатор етакчи турк компаниялари томонидан 100 дан ортиқ лойиҳа муваффақиятли амалга оширилаётгани диққатга сазовордир. Шуни алоҳида қайд этишимиз жоизки, Жиззах вилоятида ҳам бир қатор турк компаниялари томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан самарали ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Вилоятнинг умумий ташқи савдосидаги 5 фоизга яқин улуши айнан Туркия давлатига тўғри келиши ҳам амалга оширилаётган савдо-иқтисодий муносабатларнинг яққол исботидир.
Жумладан, Жиззах шаҳридаги йирик лойиҳалардан бири “UzTurkCharm ” тайёр чарм ишлаб чиқариш масъулияти чекланган жамиятининг 4 гектар майдонда фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда корхонада 100 га яқин янги иш ўрни яратилишига эришилди.
Шунингдек, мазкур объектнинг лойиҳа қиймати 12 миллион 800 минг АҚШ долларини ташкил этиб, йиллик экспорт ҳажмини 4 миллион 100 минг долларга етказиш кўзда тутилган. Бу борадаги савдо-иқтисодий муносабатларга мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Ташрифнинг олий даражадаги музокаралари якунида Ўзбекистон – Туркия ўртасида турли соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро битимлар ва бошқа қатор ҳужжатлар, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида катта ҳажмдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий шартнома ва битимлар имзоланиши мамлакатимизда ушбу соҳаларнинг янада тараққий этишига хизмат қилади. Бу эса мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, ҳудудларнинг инвестициявий салоҳияти ортишида, шу билан биргаликда янги иш ўринларининг яратилиши ҳисобига аҳоли фаровонлиги ошишида муҳим аҳамият касб этади.
Музаффар Маматқулов,
“Юксалиш” ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий
бўлинмаси раҳбари, Жиззах шаҳар Кенгаши
депутати.
ЎзА