“IKAT” билан ҳамкорлик ўрнатилади
“Ўзбекипаксаноат” уюшмасида Ўрта Осиёда қўл меҳнати ёрдамида экологик тоза ва сифатли мато ҳамда маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватловчи “IKAT” халқаро фонди вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Меҳмонлар мамлакатимиз тажрибасини бошқа жойлардаги шу соҳа вакилларига ўргатишини, бу орқали эса жаҳон майдонида ўзбек брендининг янада танилишини таъкидлади. Шунингдек, ўзбек уста-ҳунармандларини Ҳиндистон, Хитой ва Малайзия давлатларига тажриба алмашиш учун юбориш дастурлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Бу ҳамкорлик ўзбек миллий ипак маҳсулотлари, ипакдан тайёрланган миллий матолар, тарихий дизайнда яратилган либослар, замонавий андозалар асосида яратилган жун гиламлар, қадриятларимиз акс этган асори-атиқаларни дунёга янада кенгроқ танитишга хизмат қилади.
“IKAT” ташкилоти вакиллари Жана Ҳак ва Айкена Оролбаева уюшма шоуромида ҳам бўлиб, миллий маҳсулотларимиз билан яқиндан танишди.


Гулноза Бобоева, ЎзА