ИИВ тизимига навбатдаги битирувчилар кузатилди
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг Олмалиқ шаҳридаги ўқув базасида касбий тайёргарлик факультети тингловчиларининг тантанали битирув тадбири бўлиб ўтди.
Унда вазирлик масъул ходимлари, институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари, ички ишлар органлари фахрийлари, ота-оналар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Сўзга чиққанлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ички ишлар органлари зиммасига юклатилган асосий ва замон талаблари асосида қўйилаётган янги вазифаларни самарали бажарилишини таъминлай оладиган, хусусан, ички ишлар органлари ходимларидан юксак маънавий, ахлоқий, касбий фазилатларга эга бўлган профессионал мутахассис кадрлар бўлишни талаб қилаётганини таъкидлади.
Бугунги кунда институтда “Йўл-патруль фаолияти”, “Патруль-пост хизмати фаолияти”, “Паспорт тизимини таъминлаш фаолияти”, “Махсус операцияларни амалга ошириш фаолияти”, “Жазони ижро этиш фаолияти” каби йўналишларда махсус беш ойлик дастур асосида белгиланган қабул квотаси бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Ўқув машғулотлари вазирлик соҳавий хизматлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув дастурлари асосида ташкил этилмоқда.


Назарий ва амалий машғулотлар Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ва соҳавий хизматларнинг тажрибали амалиёт ходимлари томонидан нафақат анъанавий усулларда, балки замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ўтилади. Айниқса, интерфаол усулларни қўллаган ҳолда ташкил этиладиган давра суҳбатлари, мунозаралар, семинар-тренинг ва амалий машғулотлари ҳам олиб борилмоқда.
Навбатдаги ўқиш давомида ҳам тингловчиларнинг касбий, ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, жанговар, жисмоний, руҳий, тиббий тайёргарлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирда ўқув дастурлари талабларини тўлиқ ўзлаштирган, якуний синов-имтиҳонларни муваффақиятли топширган 227 нафар тингловчиларга дипломлар тантанали равишда топширилиб, уларга “кичик сержант” махсус унвони берилди.


– Жуда ҳаяжондаман, бугун биз учун унутилмас кун, – дейди Касбий тайёргарлик факультети тингловчиси, кичик сержант Шоҳруҳ Ғуломов. – Ҳаётимдаги катта мақсадлардан бирига эришдим. Ўқув йиғини даври жуда яхши ўтди. Эндиликда биз давлатимиз ва халқимиз томонидан олдимизга қўйилаётган вазифаларни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Яқинларим жуда хурсанд бўлди.

Шунингдек, ўқув курси давомида ўзининг касбий, билимларини ошириш, амалий кўникмаларини такомиллаштириш, дунёқарашини янада кенгайтиришга интилиб, юқори кўрсаткичларга эришгани ва намунали хулқи учун бир гуруҳ тингловчилар фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
А.Мусаев, ЎзА