ИИВ академиясида арзигулик ўзгаришлар! (+видео)
ИИВ академияси ҳақида гап кетганда, кўпчилик ушбу олий таълим муассасаси ички ишлар органлари ходимларини, юридик соҳадаги мутахассисларни етиштириб чиқаради, деган фикр билан кифояланишади. Аммо улар бугун ушбу олий таълим муассасасининг кенгайтирилаётган имкониятлари ҳамда курсантлар учун яратилган замонавий шарт—шароитлардан хабардор эмаслар. Ана шу янгиликлар билан жамоатчиликни таништириш мақсадида жорий йилнинг 6 февраль куни ИИВ академиясида ОАВ учун пресс-тур ташкил қилинди.
Тадбирда дастлаб Академиянинг Ахборот-ресурс маркази фаолияти билан таништирилди. Қайд этилишича, Марказ фондини илмий, ўқув, ўқув-услубий, бадиий, хорижий, даврий ва доимий нашрлар ташкил этади. Шу билан биргаликда, ҳар бири 100 ўринли 3 та электрон ўқув ва конференциялар, онлайн машғулотлар ўтказиладиган 260 ўринли анжуманлар зали мавжуд. Курсантларни ватанпарвалик руҳида тарбиялаш мақсадида эса буюк бобокалонларимиз ҳақида кенг сўзловчи маълумотлар жамланган синфхоналар, Маънавият ва маърифат маркази, “Академия тарихи” музейи, “Ватанпарварлик бурчаги”, Чўлпон музейи ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш бурчаги” барпо этилган.

Илгари ушбу соҳада хотин-қизларни яккам-дуккам учратиш мумкин эди. Бугун эса, академиянинг имкониятлари кенгайиб бораётгани сари ушбу олийгоҳга ўқишга топшираётган қизлар сони ҳам ортиб бормоқда. Аёллар учун яратилган бугунги қулайликлар эса аввалгисидан анча фарқ қилади. Мисол учун, курсант қизлар учун қурилган ётоқхона ва замонавий жиҳозлар билан бойитилган тўгарак хоналари, Ўзбекистон Президентининг бешта муҳим ташаббуси доирасида касб-ҳунар ўргатиш, оилага тайёрлаш йўналишида “Тикувчилик”, “Пазандачилик”, “Оила этикаси”, “Оила ҳамшираси”, “Сартарошлик санъати” ҳамда “Орасталик сирлари” каби ўқув курсларининг ташкил этилгани таҳсинга сазовор. Қизлар бу ерда ўқиш давомида касб-ҳунарга ҳам эга бўладилар ва уларга диплом топширилади.
Бундан ташқари, академияда ўқув жараёни учун жорий этилган янгича механизмлардан фойдаланиб, онлайн мастер-класс машғулотлари ўтказилиб турилади. Курсантларнинг билим ва кўникмаларини шакллантиришда асосан “устоз-шогирд” анъаналарига амал қилиниб, кўп йиллик амалий тажрибага эга ходим ва фахрийлар йирик жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш билан боғлиқ ўз сир-асрорларини бўлишмоқда.

Шу билан биргаликда, олийгоҳда ўқув тезкор-тергов гуруҳлари, базавий амалиёт машғулотлари, “Мулоқот” клублари, “Финал” комплекс ўқув машғулотлари ҳамда сайёр суд мажлисларигача мавжуд. Таълим самарадорлигини ошириш ва курсантларнинг замонавий билимларни пухта эгаллашга бўлган иштиёқини кучайтириш мақсадида Ички ишлар вазири стипендияси, Жалолиддин Мангуберди номидаги стипендия, Чўлпон номидаги стипендия, “Иқтидорли курсант” ҳамда “Академия аълочиси” кўкрак нишонлари таъсис этилган.
Пресс-тур давомида Криминалистик экспертизалар кафедрасида ташкил этилган Махсус лабораторияларнинг фаолияти ОАВ ходимларида катта қизиқиш уйғотди. Эксперт-криминалистларнинг жиноятларни иссиқ изидан очишда фойдаланадиган жиҳозлар ва энг замонавий техник воситалар, етарлича жиҳозланган лаборатория комплексларгача кафедрада мавжуд.

Иқтидорли курсантлар учун маънавий-маърифий, бадиий-эстетик тарбия ва спорт йўналишлари бўйича 27 та тўгарак фаолият юритмоқда. Берилаётган таълим сифатини назорат қилиш мақсадида ҳатто мониторинг маркази ишлаб турибди. Академия магистратурасида “универсал раҳбар” этиб тайёрлашга ихтисослашган модулли ўқитиш тизими ҳам жорий қилинган. Курсантларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини ошириш мақсадида 3 та спорт зали, ёпиқ сув ҳавзаси, замонавий инвентарлар билан жиҳозланган махсус зал, мини футбол майдони ва бошқа объектлар мавжуд.
Яратилаётган шу каби шароитлар ва эътиборга жавобан ёш курсантлар ҳам эгаллаётган билим ва кўникмалари, эришаётган натижалари орқали устозлар ишончини оқлаб келишмоқда. Бугун ушбу ёшлар орасида сўнгги уч йилда и Жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон миқёсидаги мусобақаларда 56 олтин, 30 та кумуш, 40 та бронза медаллар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва таълим муассасалари ўртасида ўтказилган спорт тадбирларида эса 73 та медални қўлга киритганлар бор. Иқтидорли курсантлардан 3 нафари эса жорий йилда МДҲга аъзо давлатларнинг турдош олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган энг яхши илмий мақола халқаро танловларида фахрли 1 ва 2 ўринларни, “Таълим ифтихори” кўкрак нишони ҳамда “Илҳом” мукофотини қўлга киритишди.

Академия РФ, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Ҳиндистон, Арманистон, Корея, Тожикистон, Қирғиз ва Хитой Халқ Республикаларининг жами 29 та турдош олий таълим муассасаси билан кўп қиррали ҳамкорлик ўрнатиб, ўзаро тажриба алмашиб келмоқда ва яна 9 та халқаро ташкилот билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/G_XJyqTqbh4" title="IIV akademiyasida arzigulik oʻzgarishlar!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, ЎзА