Игна билан рўёбга чиқаётган орзулар
Юртимизнинг қадимий ва табаррук масканларидан бири – Нурота замини азал-азалдан ҳунармандчилик анъаналари билан машҳур.
Ана шу муборак заминда вояга етган, ўз меҳнати ва интилиши билан нафақат туман, балки вилоят ва республика миқёсида эътироф этилган тадбиркор аёллардан бири Баҳора Мамаражабовадир.
1992 йилда туғилган Баҳора Мамаражабова ёшлигиданоқ ҳунарга меҳр қўйди. Бувисидан кашта тикиш сир-асрорларини ўрганди. У бугун нафақат моҳир каштачи, балки юзлаб хотин-қизларни иш билан таъминлаётган тадбиркор сифатида танилмоқда.
2010 йилда Нурота ижтимоий-иқтисодиёт коллежини “бухгалтерия” мутахассислиги бўйича тамомлаган бўлса-да, миллий каштачилик санъатига бўлган қизиқиши устунлик қилди. 2017 йилдан бошлаб у тадбиркор ва каштачи сифатида фаолият юритиб, қисқа фурсат ичида ўз мактабини ярата олди.
Айни пайтда Нурота туманида ягона бўлган, 8 та хизмат турини ўз ичига олган “Адиба каштачилик маркази”да миллий каштачилик анъаналари асосида турли маҳсулотлар тайёрланиб, замонавий бозор талабларига мос равишда иш олиб борилмоқда.
– Бу ҳунар менга бувиларимдан мерос. Мен каштачилик билан шуғулланиб келаётган сулоламизнинг 5-авлодиман, – дейди Баҳора. – 6-7 ёшимда бувимдан кашта тикиш усулларини ўрганганман. Илк ишим ёстиқчага кашта тикиш бўлган. 3 йил олдин уйимизда каштачилик марказини очдим. Бу ерда туманимизнинг турли ҳудудларидан хотин-қизларимиз келиб, кашта тикиш сирларини ўрганмоқда. Ипларимизни Фарғонадан олиб келамиз ва шу ернинг ўзида табиий бўёқлардан фойдаланган ҳолда бўяймиз. Матоларга нақш чизадиган қизларимиз бор. Улар буюртмалар асосида турли нақшлар тайёрлашади. Қолган қизларимиз эса кашта тикади. Туманимизнинг аксарият маҳаллаларида касаначилик асосида хотин-қизларимизни иш билан таъминлаб келмоқдамиз.
Нурота каштачилигини янада ривожлантириш ва оммалаштиришни ўз олдига мақсад қилган қаҳрамонимиз нафақат ўзини, балки атрофидаги кўплаб аёлларни ҳам иш билан таъминлай олди. Бугунги кунда унинг саъй-ҳаракатлари натижасида 150 нафарга яқин хотин-қиз доимий иш билан банд. Энг муҳими, улар фақат иш ўрнига эмас, балки ҳунар, тажриба ва мустақил даромад манбаига ҳам эга бўлмоқда.
– 3 ой бўлди шу марказга келиб иш бошлаганимга, – дейди Дурдона Ашурова. – 15 ёшимдан бошлаб матога нақш чизиш ва кашта тикишни ўрганганман. Устозим Дилдора опам бўлади. Гарчи Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Тошкент филиалида биотехнология йўналишида таҳсил олган бўлсам-да, каштачилик билан шуғулланиб келмоқдаман. Бу касб менга ҳар томонлама қулай. Сабаби эрталаб фарзандларимни боғча ва мактабга, турмуш ўртоғимни эса хизмат жойига кузатиб, бемалол ишга келаман. Кунлик вазифаларимни бажариб, уй юмушларига ҳам улгураман. Ойига буюртмага қараб 30-35 та матога нақш чизаман.
Баҳора Мамаражабова фаолияти фақат туман доирасида чекланиб қолмади. У Навоий ва Ғозғон шаҳарлари, шунингдек, Самарқанд вилоятидаги ёшлар ва аёлларга ҳам каштачилик сирларини ўргатиб, ҳудудларда аёл ҳунармандлар сонининг ортишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
– Ҳозирда ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатининг 8-синфида таҳсил оламан, – дейди Гуласал Норқулова. – Онам ушбу каштачилик марказида ишлайди. Уч кун бўлди, мен ҳам қизиқиб кашта тикиш сир-асрорларини ўрганмоқдаман. Ҳозирда барг ва чокларни мустақил равишда тикяпман. Келгусида мен ҳам Баҳора устозим сингари катта марказ очиб, каштачилик билан шуғулланмоқчиман.
Б.Мамаражабова Нурота кашталарини кенг тарғиб қилиш мақсадида республика ва вилоят миқёсида ўтказиладиган кўплаб тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида ўтказилган “Қўли гулдир ўзбек аёли”, “Ип ва игна”, “Ҳунарманд аёл” кўрик-танловларида шахсий кўргазмаларини намойиш этган. 2024 йилда эса “Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор аёл” ва “Энг моҳир ҳунарманд” номинацияларида алоҳида эътироф этилди.
– Миллий нақшлар билан безатилган либос ва буюмлар хорижда ҳам ўз қадрини топмоқда. Бугун унинг қўл меҳнати билан яратилган маҳсулотлари Америка, Туркия ва Қозоғистон бозорларига тўғридан-тўғри экспорт қилинмоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гулрух Бобомуродова. – Айни пайтда ёш тадбиркоримиз каштачилик марказини янада кенгайтиришни режалаштирган. 10 сотих ер майдонида барпо этилаётган мазкур марказда бир қатор хизмат турлари йўлга қўйилиб, иш ўринлари икки баробарга оширилади. Бу эса янада кўпроқ хотин-қизлар учун янги имконият, янги даромад ва янги ҳаёт демакдир.
Баҳора ёш бўлсада ўзининг тиниб-тинчимаслиги, инсонийлик фазилатлари ва устозлик меҳри билан атрофдагиларнинг ҳурматини қозонган. У шогирдларига ҳунар ўргатиш билан бирга ҳаётий сабоқ ҳам беради, уларни мустақил ва ишбилармон бўлишга ундайди.
Баҳора инсон ўз ишини севса ва меҳнатдан қочмаса, унинг қўлидаги игна ҳам катта орзуларни рўёбга чиқара олишини яна бир бор исботлаган хотин-қизларимиздан биридир. Юртимизда илгари сурилган ташаббус ва қилинган меҳнат эса доимо эътиборга олиниб, қадрланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан каштачи Баҳора Мамаражабова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
[gallery-27793]
Дарвоқе, ҳозирда Баҳора ва унинг шогирдлари катта лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Улар Нурота каштачилигини бутун дунёга танитиш мақсадида 100 метрлик кашта тикиб, “Гиннес рекордлари китоби”га киришни режалаштирмоқда. Бу йўлда уларга омад тилаймиз.
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА