ID карталари уйларга бориб расмийлаштирилмоқда
Юртимиз аҳолиси ва мамлакатимизда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга идентификацион –ID карталарни расмийлаштириб бериш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бунда 2020 йил 22 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация –ID карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент фармони дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Навоий вилояти ИИБ М ва ФРБ ва унинг қўйи тизимлари томонидан 2023 йилда 140 минг нафардан зиёд фуқарога янги намунадаги ID карталар расмийлаштириб берилди. Бундан ташқари, фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига шахсан ўзлари кела олмаган тақдирда уларнинг қонуний вакиллари орқали (оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда) мурожаат этилганда, масъул ходим томонидан ўн беш кун муддатда ушбу шахсларнинг яшаш манзилига борган ҳолда ID карта расмийлаштирилиб берилмоқда.
– Шу кунга қадар 415 нафар фуқаронинг яшаш хонадонида уларнинг ҳужжатлари идентификацион –ID карталарга алмаштирилди, – дейди Навоий вилояти ИИБ М ва ФРБ ЭАТГ етакчи мутахассиси Aкмал Хушмуродов. – Вилоятимиз марказидан 400-500 км олис бўлган Томди ва Конимех туманларининг “Утемурод” ҳамда “Боймурод” овулларидаги 995 нафар фуқаронинг ҳам ҳужжатлари ID карталарга алмаштирилиб берилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 июлдаги “Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан 2023 йилнинг 1 декабридан бошлаб нафақат ҳаракатлари чекланган ва бўлинмага келиш имконияти бўлмаган шахслар, шунингдек, ўз истаклари билан хонадонларига борган ҳолда ID карталар бериш амалиёти йўлга қўйилди. Қарор талабларига асосан, эндиликда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматлари хизмат кўрсатувчи ходим томонидан қўшимча тўлов асосида мурожаат этувчининг яшаш жойида хизмат кўрсатилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ М ва ФРБ томонидан ҳудудий Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаларига 14 та автотранспорт воситаси ажратилди. Эндиликда вилоят ҳудудида яшовчи фуқароларга ҳам мурожаатларига асосан сайёр давлат хизматлари кўрсатилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири