Гулистон туманида мавжуд 29,9 километрли ички йўллардан 19,5 километрига тўлиқ асфальт-бетон ётқизилиб, қолган 10,4 километр йўлларни асфальт қилиш ишлари йил якунига қадар ниҳоясига етказилади.
Умумий лойиҳа қиймати 16 миллиард 953 миллион сўм бўлган ушбу юмушларни "Сирдарё минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати" давлат муассасаси буюртмачилигида ""LION TRANS GROUP" масъулияти чекланган жамият йўлсозлари амалга оширмоқда.
–Йўллар инсон танасидаги қон томирларга ўхшайди. Бугун инсон ҳаётини йўлларсиз тасаввур этиш қийин бўлиб қолди. Давлатимиз раҳбарининг эътибори туфайли кўп йиллик йўл муаммоларимизга ечим топилди. Ибрат маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 1579 метр, бошқа маҳаллалардаги носоз йўллар таъмирланди,–дейди меҳнат фахрийси Тўлқинжон Убайдуллаев.
Бундан ташқари, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2-босқичида тумандаги "Бешбулоқ" ва "Ибрат" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидан ўтувчи 5 минг 744 метр ички йўлларни асфальт-бетонлаштириш лойиҳасида ғолиб чиқилиб, асфальт-бетонлаштириш ишлари бошлаб юборилди.
– Кўчаларимиз ёзда чанг, қишда лойлигидан одамлар юришга қийналар, бу масалада аҳолидан юқори ташкилотларга жуда кўп мурожаатлар бўлар эди, – дейди "Бешбулоқ" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Иброҳим Маматқулов. – "Ташаббусли бюджет" сабабли мурожаатлар сони камайди, кўчаларимиз асфалтлаштириладиган, маҳалламиз янада обод бўладиган бўлди.
Тумандаги маҳаллаларнинг ички кўчалари таъмирланиб, кундан-кунга обод масканга айланаётганидан одамларнинг қувончи чексиз. Бу каби хайрли ишлар фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишонч ва умидини ошириб, бугунги кунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири