Жиззах ва Навоий вилоятлари ўртасида ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш юзасидан меморандум имзоланди.
Бу икки вилоятнинг туристик йўналишлари ўзаро туташ, мазмуни муштарак. Масалан, “Фориш” давлат қўриқхонасидаги ноёб табиат ёдгорликлари Нурота тоғлари орасида топилган ибтидойи одамларнинг манзиллари, қадим ўтмишнинг тошлардаги суратлари билан туташиб кетган. Ёки Айдар-Арнасой кўлларига саёҳат қилган турист беихтиёр ҳавзанинг Жиззах ҳудудига ўтганини сезмай қолади.
Айниқса зиёрат туризимида ҳар икки вилоятда замон ва макон жиҳатидан яқин, бир-бирларини тўлдирувчи қадамжолар талайгина. Ҳудудий яқинлик, йўлларнинг умумийлиги, туристик иншоотларнинг даврий, географик боғлиқлиги ҳар иккала вилоятда ички туризимни ҳамкорликда ривожлантиришни тақоза этади.
Ана шу муштарак жиҳатларни ҳисобга олган Навоий ва Жиззах вилоятларининг туризимни ривожлантириш ҳудудий бошқармалари бу имкониятлардан биргаликда самарали фойдаланишга қўл урди. Шу мақсадда Жиззах ва Навоий вилоятлари ўртасида ички туризмни ривожлантириш юзасидан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Келишувда кўра, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари ўртасида туризм соҳасида икки томонлама алоқалар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш, туристик ифиратузилмани такомиллаштириш, аҳолининг маданий дам олиши қулайликлар яратиш, соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор истиқболли режалар амалга ошириш кўзда тутилган.
Шу мақсадда "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил" дастури доирасида ҳар иккала вилоят ёшлари, маҳалла ва меҳнат жамоаларидан иборат саёҳатчилар гуруҳларининг ҳудудлардаги эко ва агро туризм, маданий мерос ҳамда зиёрат туризм объектлари бўйлаб саёҳатларни ташкил этиш бўйича ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар келишиб олинди.
Ўзаро келишув чоғида ҳудудларнинг туристик имкониятларини оммавий ахборот воситаларида, интернет веб сайтларда, ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА