Ички ишлар ходимлари учун муносиб туҳфа
Наманганда Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ички ишлар тизими ходимларига муносиб туҳфа – замонавий маъмурий ва ўқув биноси ҳамда “Cobalt”, “BYD” русумли хизмат машиналари топширилди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати батальони учун янги маъмурий ва ўқув бинолари чинакам туҳфа бўлди. Унинг тантанали очилишида Республика Ички ишлар вазирлиги ва Наманган вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, соҳа фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбир аввалида, Президентимизнинг Ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Ички ишлар органлари тизимида ёш кадрларни тайёрлашда устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёс эканлиги, уларнинг амалий кўмаги ва ҳаётий ўгитлари соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Янги, замонавий маъмурий бино барча талабларга жавоб беради. Бу ерда патруль-пост хизмати батальони, йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари ходимлари учун хизмат ва ўқув хоналари, 102 ўринли дам олиш хоналари ташкил этилган. Иншоот замонавий рақамли технологиялар, техник воситалар ҳамда шинам мебеллар билан жиҳозланган бўлиб, ходимларга муносиб хизмат шароити яратилган.

Байрам шарофати билан иштирокчилар вилоятда узоқ йиллар самарали хизмат олиб борган тизим фахрийларининг хонадонларида ҳам бўлиб, улар билан самимий суҳбат қуришди.
Жумладан, фахрий, истеъфодаги подполковник Маҳмуджон Жўраев қутлуғ 95 ёшни қаршилади. Иккинчи жаҳон уруши фронт орти қатнашчи ўттиз беш йиллик машаққатли ва шарафли хизматдан сўнг, қарийб қирқ йилдан буён ёш ходимларга мураббийлик қилиб, кенг кўламли хизмат тажрибаси билан ўртоқлашиб келмоқда.

Жорий йилда муборак 90 ёшга тўлган истеъфодаги подполковник Эркин Муродов эса узоқ йиллар давомида Андижон ва Наманган вилоятларида ходимларга маънавий-маърифий ишлар бўйича тарбия бериб келганига қарамасдан, фахрийлик гаштини суриш даврида ўттиз йилдан буён ёш ходимларни ҳаёт сабоқларидан баҳраманд этмоқда.
Бу фидойи фахрийларга эсдалик совғалари тақдим қилиниб, устозларнинг бугунги ички ишлар идоралари учун мустаҳкам таянч эканлиги эътироф этилди.
Байрам тадбирларида Республика Ички ишлар вазири, генерал-майор Азиз Тошпўлатов, Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.