Эрон Ислом Республикаси Президенти Сайид Иброҳим Раисий жорий йил 14-16 сентябрь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Давлатлар етакчилари икки томонлама муносабатни янада мустаҳкамлаш масаласини кўриб чиқдилар.
Олий даражада ўтган Ўзбекистон – Эрон музокараси якунида ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олган 18 ҳужжат имзоланди.
Шунингдек, Иброҳим Раисий Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири ШҲТ саммити доирасида Эрон Ислом Республикаси Президенти Сайид Иброҳим Раисий билан икки давлат ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик, имзоланган янги битимлар натижасида кутилаётган янгиликлар хусусида суҳбатлашди.
– Президент жаноби олийлари, Эрон Ислом Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ўзаро иқтисодий-сиёсий ва маданий муносабатнинг энг долзарб жиҳатлари нимада?
– Сўзим бошида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан Ўзбекистон ҳукумати ва халқини муборакбод айлашни ўз бурчим, деб биламан.
Эрон истиқлолнинг илк давридан бошлаб ушбу давлат билан муносабатга алоҳида эътибор бериб келмоқда. Камина Президент этиб сайланганимдан кейин шакллантирилган ўн учинчи ҳукумат фаолияти бошиданоқ қўшни ва яқин давлатлар, жумладан, бизга дўст ва биродар Ўзбекистон билан ҳар томонлама алоқани ривожлантиришни ташқи сиёсат ва хорижий алоқаларнинг устувор йўналиши этиб эълон қилдик. Айни масалага умумий назар ташланса, давлатимиз ушбу ташқи сиёсий режадан оғишмай бораётгани, энг кўп борди-келдини Марказий Осиё давлатлари билан амалга ошираётгани кўринади.
Менинг расмий ташрифим азиз биродарим Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг расмий таклифига биноан, шунингдек, ул жаноби олийларига нисбатан алоҳида ҳурматим юзасидан амалга ошди. Эрон ва Ўзбекистон минтақанинг икки муҳим давлати сифатида кўплаб маданий, тарихий ва цивилизацион муштаракликка эга бўлиб, бу ҳолат алоқани ривожлантиришни муқаррар қилиб қўяди. Гўзал Самарқандда бўлиб шуни англаб етдимки, мамлакатларимиз, халқларимиз ўртасидаги муштарак қадриятлар жуда чуқур илдиз отган. Ўзбекистоннинг улуғ халқи ушбу мамлакатнинг асосий сармояси, меҳрибон ва меҳнаткаш, тараққиёт ва юксак марраларга эришиш учун тиним билмай ҳаракат қиладиган халқдир. Эрон ва Ўзбекистон халқлари Хоразмий, Ибн Сино каби кўплаб буюк шахсларни тарбиялаб, илм ва адабиёт дунёсига тақдим этган. Бу шахслар бутун жаҳон халқлари учун фахр-ифтихор тимсолидир.
Икки давлат ўртасидаги шериклик сиёсат ва хавфсизлик соҳасида турли даражадаги делегациялар алмашинуви, мунтазам маслаҳатлашув ўтказилиши, ҳар икки юртнинг муҳим қўшниси сифатида Афғонистондаги тинчлик жараёни масаласида, хавфсизлик идоралари ҳамда уюшган жиноятчилик, экстремизм, терроризм ва гиёҳванд моддаларга қарши курашга масъул ташкилотлар, шунингдек, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик кўринишида амалга ошмоқда. Бундан ташқари, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти каби минтақавий ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида ҳам яқин алоқа йўлга қўйилган.
Савдо-сотиқ ва иқтисодиёт ўзаро муносабатнинг ривожланиб бораётган асосий соҳалари ҳисобланади. Ўзаро савдо айирбошлаш ҳажми мунтазам ошиб бораётгани шуни тасдиқлайди. Ўзбекистон Марказий Осиёда қулай транзит мавқега эга экани ҳамда Эроннинг улкан транзит имконияти транспорт ва транзит соҳаси савдо-иқтисодий алоқанинг муҳим қирраси эканини кўрсатади. Эрон Ислом Республикаси Ўзбекистон Эрон портлари, хусусан, Чобаҳор каби муҳим денгиз портидан фойдаланиши учун барча шарт-шароитни муҳайё қилган ва қилмоқда. Туризм ҳам мамлакатларимиз учун муҳим соҳа. Бу йўналишнинг аҳамияти ҳамда мамлакатларимизнинг айни соҳадаги мавжуд салоҳиятидан келиб чиқиб, мутасаддилар ва тадбиркорлар ҳали кўп саъй-ҳаракатни амалга оширмоғи лозим.
Муштарак тарихимиз, маданий яқинлигимиз ҳамкорлик учун қулай имконият яратган. Тарихий ёдгорликларни тиклаш, турли кўргазма ва тадбирлар ташкил этиш, маданият ҳафталари ўтказиш, кино, спорт соҳасида ҳамкорлик қилиш амалга ошаётган ёки кун тартибида турган ишлар сирасига киради.
Бундан ташқари, талабалар алмашинуви, стипендиялар ажратиш, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида алоқа ўрнатиш лозим. Ва ниҳоят, ушбу ташрифим давомида сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларга доир бир қатор ҳужжатлар имзоланиши давлатлараро алоқани ҳар томонлама ривожлантиришга нисбатан қатъий қароримиздан дарак.
– Икки давлат аҳолиси жами бир юз йигирма миллион кишини ташкил этади. Бу жуда катта бозор. Демак, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажми, кўрсатилаётган хизмат хилма-хиллиги Эрон ва Ўзбекистон тадбиркорлари учун ниҳоятда нодир имконият. Шу маънода истиқболдаги савдо-иқтисодий муносабат тўғрисида нима дейиш мумкин?
– Тўғри эслатиб ўтганингиздек, Эрон ва Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси кўп мамлакатлари ҳисобланади. Шунинг ўзи турли соҳалар, жумладан, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан имконият. Икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқани кенгайтиришга қаратилган кўплаб битим, шартномалар имзоланган. Фикримизча, бу етарли эмас, мавжуд имкониятга мос эмас. Шубҳасиз, ҳар икки мамлакатда нисбатан устунликни таъминлайдиган ва бир-бири иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатадиган салоҳият бисёр. Мисол учун, улкан энергия захираси, порт ва темир йўл транспорти инфратизими, замонавий технология, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги мавжуд имкониятдан ўзбекистонлик тадбиркорлар фойдаланиши, худди шунингдек, Эрон сиздаги қулайликлардан баҳраманд бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда, айниқса, Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги даврида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқа сезиларли даражада ривожланди, савдо айрибошлаш ҳажми ортди. Бинобарин, бу борада улкан имконият ҳам мавжудлиги алоқаларимиз ёруғ истиқболга эгалигини кўрсатмоқда. Албатта, икки давлат ҳукумати ишбилармонлар ўртасидаги алоқани ривожлантириш йўлида турган тўсиқларни олиб ташлаш бўйича саъй-ҳаракатни амалга ошириши лозим. Қисқа муддат ичида савдо айланмасини икки баробар оширишга ҳаракат қилиши керак. Эрон компаниялари Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича катта имкониятга эга. Қўшма инвестиция иқтисодий алоқани мустаҳкамлаш учун қулай усуллардан бири бўла олади.
Туризм, юқорида айтиб ўтганимиздек, кўп сонли аҳолига эга бўлган мамлакатларимиз учун, кескин ривожлантирса бўладиган аниқ-равшан имкониятдир. Бизни қувонтирадигани шуки, икки мамлакат туристик жозибадорлик бўйича дунёда юқори ўринларни эгаллайди. Биз ўзаро авиақатнов сонини ошириш ва визасиз тартиб ўрнатиш орқали иқтисодий ҳамкорликни юқори нуқтага чиқара олишимиз мумкин.
– Эрон йўналиши, айниқса, Чобаҳор портига олиб борадиган транспорт-транзит йўлаги Ўзбекистоннинг очиқ денгизга чиқиши учун энг қулай йўл ҳисобланади. Бу борада икки давлат ҳамкорлигида олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Юқорида айтиб ўтилганидек, Эрон Ислом Республикаси очиқ денгизга чиқиши учун энг яхши, энг қулай ва энг арзон йўналиш сифатида мамлакатингизга бу борада имкон қадар кўпроқ ёрдам беришга тайёр. Биз Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган илк даврдан бошлаб Эрон темир, автомобиль ва денгиз йўли тармоғи, хусусан, Бандар Аббос ва Чобаҳор портлари ўзбекистонлик тадбиркорлар савдо-иқтисодий мақсадда фойдаланиши, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар товарларини ташиши учун тайёрлигини билдиргандик. Икки давлат Ашхобод битими, Эрон, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги уч томонлама битим, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳамда икки томонлама битим ва келишувлар доирасида айни йўналишдаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий, консуллик ва божхона билан боғлиқ шарт-шароитини яратишга ҳаракат қилди.
Эрон Ислом Республикасининг янги дастурларига мувофиқ, қисқа вақтда кўплаб темир йўл инфратизими яратилиши кўзда тутилган бўлиб, ўзбекистонлик тадбиркорлар ташқи савдода улардан фойдаланиши мумкин. Биз, шунингдек, Чобаҳор портида қизиқувчи мамлакатлар иштирок этиши, инвестиция киритиши учун керакли ва қулай имконият яратишни режалаштирганмиз. Ўзбекистонни Чобаҳор битимига ҳамда Шимол-жануб йўлагига қўшишга тайёрмиз. Шу кунга қадар бу масалада кўплаб ташрифлар уюштирилди, музокаралар амалга оширилди.
Худди шунингдек, Ўзбекистон темир ва автомобиль йўли тармоғи эронлик тадбиркорлар бошқа давлатларга чиқиши учун қулай йўналиш ҳисобланиб, икки томонлама, минтақавий ва халқаро битимлар доирасида ушбу имтиёздан фойдаланамиз.
– Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги бугунги ўрни ва ташқи сиёсатини қандай баҳолайсиз?
– Ўзбекистон ҳукуматининг минтақавий ва халқаро сиёсат соҳасидаги ёндашувини ўта мувозанатлашган, мантиқий ва ижобий, деб баҳолайман.
Ўзбекистон Республикасининг минтақа ва жаҳон давлатлари билан ўзаро ҳамкорлик борасидаги сиёсати, бу давлатнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлардаги ташаббуслари, айниқса, минтақада тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишида муҳим роль ўйнайди.
Ўзбекистон томонидан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлиси ва шу каби бошқа йиғилишлар ўтказилиши таҳсинга сазовор. Шу муносабат билан, сўзим охирида ўзбекистонлик ака-укаларимиз, опа-сингилларимизга бизни муносиб тарзда кутиб олгани ва меҳмон қилгани учун чуқур миннатдорлик билдиришни бурчим, деб биламан.
– Саволларимизга вақт ажратиб жавоб берганингиздан беҳад миннатдормиз. Ўзбекистон халқи ва давлатига Эрон Ислом Республикасининг самимий муносабатидан мамнунлигимизни изҳор этамиз.
Аслиддин СУЮНОВ
суҳбатлашди.
ЎзА