Баҳор — ўта тиғиз пайт саналади. Ниҳол қадаш, уруғ сепиш ишларига ўттиз кундан ортиқ фурсат бўлмайди. Шу вақтда дала ишларига улгурган улгуради, акси бўлса, қуруқ қолаверади.
“Тома-тома кўл бўлур”, деганларидек, тоғдек барака хирмонлари ҳам мисқоллардан яралади. Зеро, бугун “Олма пиш, оғзимга туш” қабилида кун кечирадиган пайт эмас. Бир парча еримиз бўлса ҳам, унга кўпроқ фойда келтирадиган, мўл ва харидоргир ҳосил берадиган экин экиш зарур.
Бу борада деҳқонларга керакли ёрдамни кўрсатишда Президентимизнинг 2021 йилнинг 16 декабрида қабул қилинган “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Унга кўра, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар бир ҳудудда очиқ ва ёпиқ усулда сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳамда уларнинг экспортини ривожлантириш мақсадида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бунда томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш тизимини яратиш, ҳар бир туманда томорқа ер эгалари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Тушунтириш чоралари сифатида маҳаллаларда ўтказилаётган тақдимотлар ва семинарлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳузуридаги “Қишлоқ бизнеси учун маслаҳат хизмати” корхонаси вакиллари томонидан Бухоро вилоятининг Когон туманида томорқачилар учун маҳорат дарси ўтказилди.
“Туткунда” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Ш. Раҳмоновлар ҳовлисига қадам қўйган киши саранжом-саришталик, тозаликни, айниқса, томорқани кўриб, “Файзли, қут-баракали хонадон экан”, деган хулосага келиши тайин.
– Хонадонга тегишли 10 сотих ерда йилига уч марта ҳосил олинмоқда, – дейди “Қишлоқ бизнеси учун маслаҳат хизмати” корхонаси директор ўринбосари Х.Болтаев. – Очиқ ва ёпиқ усулда сабзи, картошка ва эгат ораларига кўкат етиштирилиб, йилига 30-40 миллион сўм даромад олинмоқда. Агарда бошқа хонадонларда ҳам бундай тажрибани кенг оммалаштиришга эришсак, бозорларимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини бир меъёрда сақлашга эришамиз.
Хонадонда қишлоқ хўжалиги мутахассислари иштирокида ўтказилган учрашувда иштирокчиларга аҳоли хонадонларида очиқ ва ёпиқ усулда сабзавот маҳсулотлари етиштириш, бу борада кенгаш кўрсатадиган илмий-амалий ёрдам юзасидан тушунча ва тавсиялар берилди.
ЎзА