“Ибратли судья”: эътироф этилганлар орасида хоразмлик судья ҳам бор
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор ўзгаришлар жорий этилиб, одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлган судьяларни “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирлаш белгиланган эди.
Мазкур фармон ижроси доирасида судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури ишга туширилди. Судьялар фаолиятини очиқ, шаффоф ва энг муҳими – холис баҳолаш имкониятини берган ушбу тизимдаги 2022 йил якунлари бўйича энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эга 20 нафар судья “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланди.
Мукофотланганлар орасида Хоразм вилоят судидан фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди раиси Дониёрбек Эшчанов ҳам бор.
Судьялар олий кенгаши ва вилоят судлари билан видеоконфренцалоқа тизимида ўтказилган тадбирда Дониёрбек Эшчановга вилоят суди раиси Баҳодир Полванов томонидан мукофот тантанали равишда топширилди.

Маълумот ўрнида, Дониёрбек Эшчанов судялик фаолиятини 2017 йилда Бухоро вилояти фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси лавозимидан бошлаган ва ҳозирги кунда Хоразм вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди раиси лавозимида ишламоқда. 2022 йилдаги фаолияти давомида суд мажлисида 1773 та фуқаролик ишини кўриб чиққан ва бирорта иши юқори инстанцияларда бекор бўлмаган.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА