Президентимизнинг жорий йилнинг 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ мувофиқ, алимент тўловчининг бошқа қарздорлиги бўлганда, қарздордан ундирилган маблағлар алимент тўловлари бўйича қарздорлик тўлиқ қоплангандан сўнг бошқа қарзларига ўтказилади.
Алимент тўлашдан бўйин товлаётган ва қидирувга эълон қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар МИБнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади ва давлат ОАВларида тарқатилади.
Қонун ишлаб чиқилади. Унда алимент бўйича қарздорлик бартараф этилгунигача қарздорнинг транспортини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш, қарздорга лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга бўлган давлат хизматларини вақтинча кўрсатмаслик, алимент бўйича қарздорлик мавжудлиги никоҳ тузиш учун монелик қиладиган ҳолат сифатида белгиланади.
МИБ ҳузурида “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади ва унга 50 миллиард сўм ажратилади. Алимент тўловчидан 3 ойда алимент ундириш имкони бўлмаганда жамғармадан алимент тўловлари тўлаб берилади ҳамда кейинчалик қарздордан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олинади.
Фармонга кўра, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган оилалар учун “Ибратли оила” кўкрак нишони таъсис этилди ҳамда у 15 май – Халқаро оилалар кунида топширилади.
ЎзА