"Ибн Сино мероси" кўргазмаси
Самарқанд давлат тиббиёт университетида доривор ўсимликларни етиштириш ва чуқур қайта ишлашда илм-фан ва ишлаб чиқариш корхоналарининг кооперация алоқаларини кенгайтиришга бағишланган “Ибн сино мeроси” кўргазмаси ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 майдаги “Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоят ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт университети томонидан учинчи бор ўтказилаётган тадбирда доривор ўсимликлар етиштириш ва уларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи ўрмон ва фермер хўжаликлари, корхоналар ҳамда доривор ўсимликлар билан беморларни даволовчи хусусий тиббий марказлар вакиллари иштирок этди.
[gallery-22548]
– Бугунги кунда вилоятимиздаги 6 та давлат ўрмон хўжалиги, 5 та фермер хўжалигида доривор ўсимликлар етиштирилаётган бўлса, 8 та корхона қайта ишлаш билан шуғулланмоқда, – дейди вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов. – Шунингдек, ушбу йўналишда бир нечта стартап лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда, доривор ўсимликлар билан даволовчи хусусий шифохона фаолият кўрсатмоқда. Лекин мавжуд имконият ва ресурсларни ҳисобга олганимизда бу жуда кам. Бизда доривор, шифобахш бўлмаган ўсимликнинг ўзи йўқ. Мутахассислар мамлакатимизда 577 турдаги доривор ўсимлик турини аниқлаган. Вилоятимиздаги ўрмон хўжаликларида эса 17 турдаги доривор ўсимликлар плантациялари мавжуд холос. Келгусида фармацевтика саноатимизда доривор ўсимликлар етиштириш ва улардан дори воситалари тайёрлашга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Мазкур кўргазма ҳам шу мақсадга қаратилган бўлиб, вилоятимиздаги 30 дан ортиқ фармацевтика корхонаси ва доривор ўсимликлар етиштирувчи хўжаликлар билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Кўргазмада доривор ўсимликлар, уларни қайта ишлаш натижасида олинаётган маҳсулотлар, Самарқанд давлат тиббиёт университети олимларининг доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича илмий ишланмалари ҳамда стартап лойиҳалари намойиш этилди.
Иштирокчилар ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувларга эришди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари