Иқтисодиёт ривожида фаол аёллар ҳиссаси
“Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, бир қатор тижорат банклари ҳамкорлигида мамлакатнинг иқтисодий ривожида тадбиркор аёлларнинг роли: “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” брендини дунёга янада кенг танитиш мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
“Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, бир қатор тижорат банклари ҳамкорлигида мамлакатнинг иқтисодий ривожида тадбиркор аёлларнинг роли: “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” брендини дунёга янада кенг танитиш мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириш, барча соҳаларни изчил тараққий эттириш орқали халқимизнинг ҳаёт даражаси, турмуш фаровонлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимизда иқтисодиётни модернизация қилиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, ички инвестициялар ҳажмининг ортишини рағбатлантириш, ҳунармандлик, ишлаб чиқариш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тизимли олиб борилмоқда.
Кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида жамиятда хотин-қизларнинг мавқеини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий билимини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркор аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда. Бу каби саъй-ҳаракатлар самарасида тадбиркор, ишбилармон, фермер, ҳунарманд аёллар сафи кенгаймоқда.
Ўзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Банк кредитлари – ҳунармандларга” лойиҳаси ҳам маҳаллий хомашёдан миллийликка уйғун маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантирмоқда.
Миллий ҳунармандликни ривожлантириш йўлидаги чора-тадбирлар натижасида беш юздан зиёд тадбиркор, оилавий ҳунарманд ва касаначилар ўз фаолиятини бошлашга эришди. Кўплаб аёллар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлиги таъминланди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, иқтисодий барқарор ривожланишга эришишда тижорат банкларининг ўз ўрни бор. Ўз бизнесини йўлга қўйишга уринаётган, бизнес ғояларини ўртага ташлаётганлар орасида хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратилаётир. Жорий йилнинг биринчи чорагида ана шундай бизнес лойиҳалари учун 314,3 миллиард сўм кредит ажратилиб, эллик мингдан зиёд киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
Анжуман доирасида миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ташкил этилди. Тўқимачилик корхоналарини кўпайтириш, сифатли маҳсулотларни аҳолига етказиш, экспорт ҳажмини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнини техник ва технологик янгилашда тадбиркор аёлларга кўмак бериш масалалари юзасидан фикрлашилди.
Тижорат банклари томонидан бизнес-ғоялари маъқулланган ёшларга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.