Иқтидор эгалари сараланди
Маҳорат дарсларига жами 400 нафардан ортиқ спортга иштиёқманд ёшлар қатнашди.
Жорий йил 9 декабрь кунидан бошлаб Зангиота туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими ҳамкорлигида тумандаги кўплаб умумий ўрта таълим мактабларида маҳорат дарслари ташкил қилинмоқда.
Маҳорат сабоқларига туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги бокс бўйича мураббий Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, Атланта ёзги Олимпия ўйинлари бронза медали соҳиби Карим Тўлаганов ва Испаниянинг Next star футбол академиясининг Ўзбекистондаги филиали бош мураббийи Эбери Жон иштирок этишди.

Маҳорат дарсларига жами 400 нафардан ортиқ спортга иштиёқманд ёшлар қатнашди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларига тажрибали спорт мураббийларидан жавоб олишди.
Тадбирга қатнашган ёшларга эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек иқтидорли ёшлардан Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига саралаб олинди.
Зангиота туманида Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирлар давом этади.