Ҳужжатли фильм тақдимоти
Андижон давлат университетида ўзбек миллий озодлик ҳаракати етакчиларидан бири, саркарда ва қўмондон Шермуҳаммадбекнинг ҳаёти, фаолиятига оид ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Андижон давлат университети ректори, профессор Акрамжон Юлдашев, тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдинов ва бошқалар кейинги йилларда Янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш, яқин ўтмишдаги тарихимиз, юртимиз озодлиги йўлида курашган, жон фидо қилган улуғ аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, ўтган асрнинг бошларидаги тарихимизни аҳоли, айниқса, ёшларга холис ва асл ҳолича тушунтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, мазкур йўналишда жуда кўп китоблар яратилганлигини таъкидлади.
– Ушбу тақдимотнинг айнан мустақиллик байрами арафасида ўтказилиши ҳам ўзига хос маъно касб этади, – дейди тарих фанлари доктори, профессор Р.Шамсутдинов. – Чунки мустақиллик, юрт озодлиги, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун жанг қилиб, тарихимизда жасорат ва мардлик намуналарини кўрсатган улуғ аждодларимиз хотирасини ёдга олиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Ўтган асрнинг бошларида “босмачилик” деб ном олган, аслида миллий озодлик учун кураш ҳаракати етакчиларининг ҳозиргача очиқ-ошкор айтилмаган, биз билмаган жиҳатлари борки, уларни ўрганиш, борича юртдошларимизга, келажак авлодга етказиш муҳим вазифадир.
[gallery-8384]
Тадбирда ёзувчи Мирзахўжа Хўжаев томонидан ёзилган “Шермуҳаммадбекнинг жасорати” китоби ҳамда турли йилларда матбуот нашрларида чоп этилган мақолаларни ўрганиш асосида “Саркарда ва қўмондон Шермуҳаммадбек” ҳужжатли фильми учун сценарий ёзилгани, ҳужжатли фильмнинг суратга олиниши билан боғлиқ жараёнлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Фильм ижодкорлари тадбир қатнашчиларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов ЎзА