Ҳужжатларни сохталаштирган хусусий нотариуслар
Улар айбига иқрор бўлиш ўрнига, қилмишларини хаспўшлашга уринган.
Нотариус тасдиқлайдиган ҳужжат қонуний бўлиши шарт. Шунда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларига путур етмайди. Бу эса нотариус касби жуда катта масъулият талаб қилишини англатади.
Нотариуснинг нотўғри ҳаракати оқибатида фуқаролар катта миқдорда моддий зарар кўриши мумкин. Лекин шахсий манфаатини устун билган айрим нотариуслар ўз хатоларининг моҳиятини тушинишни истамасдан, турли усуллар билан адлия органлари ва Малака комиссиялари фаолиятига таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда.
Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, шу йилнинг июнь ойида 243 ҳолатда хусусий нотариуслар томонидан коммунал хизматлар ва мажбурий тўловлардан қарзи мавжуд бўлсада, нотариал ҳаракат расмийлаштирилганлиги учун 84 нафар нотариуснинг лицензияси 15 кун муддатга тўхтатилди.
Аммо жазодан қутилиб қолиш мақсадида Жиззах вилоятидаги хусусий нотариуслар А. Ҳайдаров, М. Маликов, У. Абдужалилов, Ш. Тожибоев ва Б. Муртазовлар, Андижондаги хусусий нотариуслар А. Аҳмаджонов ва Г. Раҳимовалар, Намангандаги хусусий нотариус А. Артиков ва Тошкент шаҳридаги хусусий нотариуслар М. Шодмонова, Ш. Қаландарова сохта маълумотлар асосида “қарзи йўқ” деган ҳужжат шакллантириб, адлия органларини чалғитишга уринган.
Нотариус касбий фаолиятига мутлақо тўғри келмайдиган ҳужжатларни қалбакилаштириш каби қўпол қонунбузилиш учун ҳудудий малака комиссиялари қарори билан уларга берилган лицензияни амал қилиши 3 ойгача муддатга тўхтатилган. Тегишли материаллар эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.
Агар нотариус камчиликка билмасдан ёки эътиборсизлик сабаб йўл қўйган бўлса, қонунбузилишининг оғир ёки енгиллигига қараб Малака комиссиялари томонидан чора белгиланади. Нотариуснинг била туриб, манфаат кўриш ёки назорат органини чалғитиш мақсадида атайлаб касбига мос келмайдиган ҳаракатларни содир этганлиги ҳам комиссияда эътиборга олинади.
Қайд этиш керакки, хусусий нотариус ташкил этилиши билан давлат нотариуслари фаолиятидаги барҳам топган камчиликлар ўрнига янги муаммолар ҳам юзага келган. Яъни, моддий манфаатдорлик сабаб айрим нотариуслар ҳужжатларда камчилик бўлса-да, ҳаракатни расмийлаштириш, нотариуслар ўртасида ўзаро мижоз талашиш, камчиликларни назорат органларидан ҳар хил йўллар билан яшириш кабилар шулар жумласидандир.
Бундай муаммоларга барҳам бериш ва нотариат соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтган етти ойда ўтказилган мониторинг ва назорат текширувлари натижасида қонунбузилишига йўл қўйганлиги учун 160 нафар хусусий нотариуснинг лицензиясини амал қилиши турли муддатларга тўхтатилган.
- Нотариат соҳасини такомиллаштириш орқали аҳолига сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш адлия органларининг асосий мақсади ҳисобланади, - дейди Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева.- Бу борада ҳалол ва самарали ишлаётган нотариусларни ҳар томонлама қўллаб қувватлайди. Шу билан бирга, нопок, шахсий манфаат ортидан қонунларни менсимайдиган ёки қўпол бузадиган нотариусларга нисбатан қатъий чораларни кўришни давом этади. Бундай ҳаракатларга нисбатан ҳар қанча босим ёки таҳдидлар Адлия органларининг адолатли қарор қабул қилишига ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди.
Маълумот учун: Бугунги кунда мамлакатимизда 850 дан ортиқ нотариус фаолият юритмоқда. Шу йилнинг май ойидан бошлаб 95 фоиз давлат нотариуслари хусусий нотариус сифатида иш бошлади ва натижада идораларда узоқ навбат кутиш, сансалорлик, қўпол муомала каби тизимли камчиликлар сезиларли камайди. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш вақти деярли уч бараварга тезлашди.
Адлия органлари томонидан нотариуслар фаолиятини электрон мониторинг қилиш тизими яратилди. Яъни, аввал адлия органлари 3 йилда бир маротаба нотариусларнинг минглаб ҳаракатлари юзасидан тўпланган қоғоз ҳужжатларни танлов асосида 1-2 кун давомида текширган бўлса, ҳозирги мавжуд электрон тизим қисқа соатларда барча нотариусларнинг ҳамма ҳаракатларини таҳлил қилиш ва улардаги қонунбузилишларни аниқлаш имконини беради.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА