Хусусий шифохонада ҳам бепул даволаниш мумкин
Айрим турдаги касаллик ташхисини ёки қон таҳлилининг натижасини билиш учун шароит баъзи ҳолларда хусусий клиникаларга боришни тақозо этади.Маълумки, хусусий шифохона беморларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатади. Бироқ бундай клиникалар хизматидан аҳолининг ҳамма қатлами ҳам фойдалана олмайди. Сабаби, уларда нарх-наво давлат тиббий муассасаларига қараганда юқори. «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга кўра, тиббий хизмат нархини хусусий клиниканинг ўзи бозор конъюктурасидан келиб чиққан ҳолда мустақил белгилайди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида хусусий тиббиёт муассасалари тармоғи фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтириш борасида қулай шароитлар яратиб берилган.Уларнинг фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизими такомиллаштирилган. Аҳолига пулли асосда юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби, беморларнинг имтиёзли тоифасини бепул даволаш, марказларнинг ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш ва ўзини ўзи қоплаш принципларига босқичма-босқич ўтиши тартиби белгиланган. Халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда беморларга ташхис қўйиш сифати ва уларни даволаш стандартлари ишлаб чиқилган ва тасдиқланган, ташхис қўйиш ва аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий усуллари жорий этилиб, амалиётга жорий этилмоқда.
Хўш, хусусий клиникаларда аҳолининг қайси қатлами бепул даволаниш имтиёзига эга?
2022 йил 1 январгача хусусий тиббиёт муассасалари (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) тиббий хизматлар кўрсатишдан бўшайдиган маблағларни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирганда барча турдаги солиқлар тўлашдан озод этилган.Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида белгилаб қўйилган.
Мазкур қарорга асосан, солиқ имтиёзи тақдим этилган хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатилади.
Ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар,I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар, ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган каби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун хусусий тиббиёт муассасаларида имтиёзлар мавжуд. Бу Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликларининг 2017 йил 11 августдаги 2911-сонли қўшма қарори билан тасдиқланган «Солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисида»ги Низомда назарда тутилган. Унга биноан, солиқ имтиёзи тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағнинг 25 фоизи миқдорида айрим тоифадаги шахсларга бепул тиббий хизмат кўрсатилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА