Хусусий корхона маҳсулот ҳажмини оширмоқда
“Қалайчорбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият кўрсатаётган “Муҳаммаджон Мақсад Сулаймон” МЧЖ айни кунда уй-рўзғор учун керакли челак, лаган, тоғора, шу билан бирга, ошхона қуйма идишларини бежирим ва сифатли қилиб тайёрлаяпти. Асосан пластмасса буюмлар ишлаб чиқараётган корхонада электротехника жиҳозларига зарур эҳтиёт қисмлар, ўйинчоқлар ва бошқа бир қанча маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқарилаяпти.
– Жамоамиз билан ойда 100 миллион сўм атрофида, йилда 1 миллиард 100 миллион сўм атрофида маҳсулот тайёрлаб, ички бозорда сотяпмиз, – дейди мазкур хусусий корхона раҳбари Умид Жабборов. – Бизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турини кўпайтириш имконимиз бор. Фақат бунинг учун хомашё таъминотини барқарорлаштириш билан бирга қўшимча қувватларни ишга солиш лозим. Масалан, ҳозир пластмасса маҳсулотини қайта ишлашга ихтисослашган турдош корхоналар қўшни Қашқадарё вилоятидаги “Шўртангазкимё” ҳамда бошқа нефт-газ заводларидан ўзига керакли полиэтилен гранулани биржа савдолари орқали харид қилмоқда. Айтиш жоизки, маҳаллий хомашё чет элдаги ҳамкорларимиз ишлаб чиқаришга йўллаётган хомашёдан бирмунча қиммат. Шу боисдан ҳам ўзимизда тайёрлаётган маҳсулотни хорижга экспорт қилиш имконига эга эмасмиз. Яхши биламизки, чет элда полиэтилен гранулани иккиламчи бозордан ҳам кенг миқдорда харид қилиш мумкин.

Бухоро вилояти Ромитан туманидаги “Муҳаммаджон Мақсад Сулаймон” масъулияти чекланган жамияти 2008 йили оддий бизнес лойиҳаси сифатида 3 нафар ишчи билан фаолият бошлаган. Дастлаб икки, сўнг беш турдаги турли ўлчамдаги идишлар ишлаб чиқарилган кичик корхонада бугунга келиб маҳсулот тури 50 га етказилгани тинимсиз меҳнат ва изланиш самарасидир. Ишнинг барқарор йўлга қўйилгани орқасидан яхшигина манфаат кўрилаётгани боис, ишчилар сони 20 нафарга етган.

Корхона жамоасига унумли ишлаш учун барча қулайлик яратилган. Иш икки сменада ташкил этилган. Ишчи-ходимлар бепул иссиқ овқат ва транспорт хизмати билан таъминланган.
Айни пайтда “Муҳаммаджон Мақсад Сулаймон”да жорий йил якуни билан ишлаб чиқариш ҳажмини ўтган йилга нисбатан ошириш ва бунинг учун корхонада уч сменада узлуксиз иш ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА