Хусусий авиакомпаниянинг илк парвози Хоразмга бўлди
Ўзбекистоннинг ижобий имижи, туристик салоҳияти ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш, аҳолининг транспорт хизматига бўлган эҳтиёжларини қондириш, мамлакат ҳаво транспорти тизимида монополияга барҳам бериш мақсадида ушбу соҳага хусусий секторни ҳам жалб этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Куни кеча Урганч халқаро аэропортига ана шундай хусусий компания Panorama Airways ўзининг биринчи йўловчи рейсини амалга оширди.
Мамлакатнинг иқтисодий ўсишини таъминлашда хусусий секторнинг ролини ошириш, барча тармоқ ва соҳаларда хусусий секторнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳим рол ўйнайди. Бортида 144 йўловчиси бўлган Аэробус А320 ҳаво кемаси маҳаллий вақт билан соат 21:50 да Тошкентдан кўтарилди ва 23:00 да Урганч халқаро аэропортига келиб қўнди.
– Хусусий компаниялар йўловчи ташиш самолётларининг тизимга қўшилиши соҳадаги монополияни йўқотади, - дейди вилоят транспорт бошқармаси ҳаво транспорти бўлими бошлиғи Алланазар Собуров. – Мамлакатимизда туризм ривожланишига хизмат қилади. Биз шу кунга қадар йўловчилар учун чипталар етишмовчилигидан жуда қийналардик. Эндиликда хусусий секторнинг авиарейслари қўшилса бу каби муаммолар ўз ечимини топади. Шунингдек, Хоразм туристик вилоят, бу ерга сайёҳлар асосан ҳаво транспорти орқали келади. Уларнинг сони яна ортишда давом этмоқда. Шунинг учун янги авиакомпаниянинг илк парвози Урганч шаҳрига бўлгани мақсадга мувофиқ бўлган.
Хоразм вилоятининг ҳаво дарвозасида тижорий парвознинг илк йўловчилари ва экипажи муносиб кутиб олинди.
– Парвозимиз тахминан 1 соат давом этди, - дейди йўловчи Денис Иконовенко. – Учиш ва қўниш жараёнлари ҳам муваффақиятли, енгил амалга оширилди. Экипаж аъзолари, қизлар барчаси хушмуомала ва ширинсўз экан, хизматлари аъло даражада. Хоразмликлар бизни жуда илиқ кутиб олди. Меҳмондўст инсонларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
2021 йилда ташкил этилган хусусий авиакомпания Ўзбекистон ичкарисида шунингдек, БАА, Исроил, Саудия Арабистони, Россия, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга йўловчи ҳаво ташишларини амалга ошириши режалаштирилган.
Авиакомпаниянинг навбатдаги парвози 23 декабр куни Тошкент — Москва йўналиши бўйича амалга оширилади.Транспорт тизимида амалга оширилаётган бу ислоҳотлар вилоятимизнинг ҳам ижобий имижини, туристик салоҳияти ва инвестициявий жозибадорлигини оширишга, аҳолининг транспорт хизматига бўлган эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади.
<iframe width="1519" height="585" src="https://www.youtube.com/embed/_Ur4kjV-_Xo" title="Хусусий авиакомпаниянинг илк парвози Хоразмга бўлди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров, ЎзА