«Хушхабар» дилдан дилга, тилдан-тилга кўчади
Ўзбек ва турк халқлари азалдан қон-қариндош. Куйлари бир, тўйлари бир. Қадимдан ўзбек шоир ва ёзувчилари турк адиблари асарларини тилимизга таржима қилиб келишган. Мирзакалон Исмоилий, Миат Ҳакимов, Файз Шоисмоил, Бобохон Шариф кабиларни алоҳида эътироф этишимиз мумкин.
Лекин ўзбек адиблари асарларини турк тилига ўгириш оқсаётган эди. Туркиялик Ахсан Ботур бир қатор романларни туркчага таржима қилди. Жумладан, Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» китоби туркчада Моҳир Унлу таржимасида чоп этилган. Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Хайрулло Ҳамидов бу хайрли ишга қўл уриб, Муҳаммад Юсуф шеърлари ва Саид Аҳмад ҳикояларини турк тилига моҳирона таржима қилди.
Яна бир янгилик шуки, 2020 йил Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Наргиза Асаднинг «Хушхабар» шеърий китоби Эмина Бакар томонидан таржима қилиниб, “MÜJDE” номи остида Туркия жумҳуриятининг Истанбул шаҳрида нашр этилди.

Наргиза Асаднинг «Хушхабар» шеърий китобини турк тилида ўқиб, таҳлил қилиб ва ўз муносабатимизни билдиришни лозим топдик.
Аввал таржимон ҳақида икки оғиз сўз: Эмина Бакар 1992 йилда Туркия жумҳурияти Ўсмание вилоятининг Қодирли туманида туғилган. 2014 йилда Эрзурум шаҳридаги Отатурк университетининг замонавий турк лаҳжалари ва адабиёти бўлимини битирган. 2019 йилда мазкур университетда Ўзбекистонда ҳам таниқли профессор Ҳусайн Бойдемир раҳбарлигида «Фозил Йўлдош ўғлининг «Фарҳод ва Ширин» ҳикояси ҳақида тадқиқотлар» мавзусида магистрлик дипломини ҳимоя қилган.
Эмина Бакар таржималари билан танишар эканмиз, Наргиза Асад руҳиятини яхши тушунганига гувоҳ бўламиз. Турк тилида шеърларнинг ўзбекона руҳини сақлай олган. Масалан, бўлимларнинг ўзбекча номлари турк тилига ниҳоятда равон ва моҳирона ўгирилган:
Бу маконда айлар навозиш (Bu mekanda nezaket işler);
Кўзларингдек дунё йўқ менга (Gözlerin gibi bir dünya yok bana);
Биз дунёга тўйганимиз йўқ, дунё биздан тўймади ҳали; (Biz bu dünyaya doymadık, dünya de bize doymadı henüz);
Бaҳор сени суйганлигим рост (Baharın seni sevdiği gerçeği).
Шеърлар она тилимизда гўзал дид билан ёзилгани ҳолда унинг туркча таржимаси ҳам моҳирона амалга оширилган. Келинг, улардан айримларига тўхталсак: Бир мисрада баҳор келиб, шаҳарни ёмғир ювганини тасвирлаган.
«Ёмғирларда ювилган шаҳар» ёмғир ёғиши, баҳор келиши биз учун оддий ҳолдек туюлади, шеърда ушбу ҳодиса ўқувчига баҳорни бутунлигича ҳис эттиради. Унинг туркчаси ҳам айни ажиб маънони сақлаган: “Yağmurlarda yıkanan şehir”.
Кейинги мисрада эса ёмғир ёғаётгандаги ажиб товушлар, табиат мусиқаси гўзал ўхшатиш билан тасвирланади. «Қўшиқларга кўмилди шаҳар». Бу мисранинг ҳам таржимаси аслига эргашиб гўзал маъно ифода этяпти: ”Şarkılara gömüldü şehir”. Бошқа бир шеърда баҳор келиб, дарахтлар гуллаган маҳал очилган гуллар шамолнинг аёвсиз эсишидан титраётгани тасвирланган. «Ўрик новдасида титрайди гуллар» таржимон ҳам айни шаклда гўзал таржима қилган. “Kayısı dallarında titrer çiçekler”.
«Сездингизми» дея бошланувчи шеърда муаллиф дардининг нақадар кучли эканлигидан ҳижрон сабаб йиғлаганида уни ҳатто минг йиллик лофлар ҳам овутолмаслигини гўзал тасвирлаган. Кейинги мисрада эса узоқ кутилган висол онлари санъат даражасида моҳирона қоғозга туширилган. Ўша мисраларга келадиган бўлсак:
«Йиғласам...
овутмас минг йиллик лофлар
бугун соғинч кезар
йўлларингиздан
Эшик очилади
тасодифми бу –
гуллар тўкилади қўлларингиздан!»
Туркча таржимаси ҳам жуда чиройли, моҳирона ўгирилганки, ўқувчи шеърни ўз она тилида ёзилгандек ҳис этади.
“Ağlasam...
Avutmaz bin yıllık laflar
Bugün hasret gezer
Yollarınızda
Kapı açıldı
Tesadüf mü bu
Çiçekler döküldü ellerinizden!»
«Она тилим» шеърида ўз тилимизда «Она»,«Ватан» каби тушунчаларни изҳор қилишимиз нақадар гўзал, нақадар ажиб, нақадар буюк эканига эътибор қаратилган.
«Она! – дейман она тилимда,
Бийронингман, шодон болалик.
«Ватан!!!» – дейман,
«Ер», «Осмон» – дейман,
Бўйларимда гулгун лолалик.
Таржимада ушбу туйғулар ўзининг буюклигини, гўзаллигини сақлаб қолганига гувоҳ бўламиз.
“Anne!» – diyorum ana dilimde,
Tatlı dilim, mutlu çocukluk.
“Vatan!!!» – diyorum,
“Yeryüzü”, “Gökyüzü” – diyorum,
Hoş kokan kızıl lalelik.»
Шоира Наргиза Асаднинг инсонлар характерини тасвирлаган нафис сатрлар туркчага нозик дид билан ўгирилганким, уни ўқиган инсоннинг бағри дили ёнади. Одамларнинг майдалашиб, манман бўлиб кетганидан юраги ўртанади.
Афсуски, айрим сўзларнинг маъноси яхши тушунилмагани учун бўлса керак, таржимада баъзи бир ғализликлар учрайди.
«Навоий ҳайкали пойида» (“Nevaıʼnin heykeli huzurunda”) шеърида «Бунда турар бир улуғвор зот» мисрасидаги «турар» сўзи туркчага “kalkar” дея таржима қилинган. Аслида, “burada durur” дейиш мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки “kalkar” сўзи «кўтарилмоқ» маъносини англатади.
Ҳамид Олимжонга бағишланган шеърнинг охирида шундай мисралар бор: «Дунёга айланар Ҳамид Олимжон». «Айланар» сўзи туркчада “döner” билан ифодаланган. Ваҳоланки, “dönüşür” бўлмоғи керак. “Gece” («Кеча») шеърида «Жон сақлади сўз ўғриларинг» ибораси “Canını korudu söz fitnecilerin” тарзида берилган. Таржимон “Can korudu söz hırsızları” шаклида ўгирганда маъно тўлиқ бўларди, чунки бу ерда ўғри турк тилида “hırsız” бўлади, “fitneci” эмас.
«Мўғил, отинг ўчсин, уйгинанг куйсин» мисраси туркчага “Moğol atın kesilsin,evin yansın” дея таржима қилинган. Бу ерда «от» сўзи туркчадаги «исм» (ном) эканлиги инобатга олинмай, «аtın kesilsin«тарзида келтирилган ва туркчадаги “at” сизу-бизга миниладиган «от» сифатида маълум жониворга айланиб қолган.
«Қуроли бор унинг, юраги йўқдир» мисраси таржимада “Askeri var onun yüreği yoktur” дея хато ифодаланган. Наздимизда, “silahı var onun yüreği yoktur” дея таржима қилингани яхши эди. Чунки «қурол» туркчада “silah” бўлади.
«Юрагингга элтар бекатчи» ибораси “Yüreğine götürür biletçi” шаклида таржима қилинган. Ўзбекчадаги «бекатчи» сўзи ва туркчадаги “biletçi” сўзларининг маънолари бошқа-бошқа, бир-биридан катта фарқ қилади.»Yüreğine yol gösterir bekçi” тарзида берилгани мақсадга мувофиқ.
“Gözlerime dola” деб бошланувчи шеърдаги «Юрагимга сиққан бу ИШҚ» туркчага»yüreğimi ezen bu AŞK” деб ўгирилган. Ўзбек тилидаги «сиққан» калимаси «юракка жойлашмоқ» маъносида ишлатилган, таржимон эса уни «юракни эзмоқ, сиқмоқ» дея тушуниб, хатога йўл қўйган. Бизнингча, “yüreğime sığan bu AŞK” бўлгани яхши эди.
“Zavallı anne” шеъридаги «Соғинчлардан оқарган боши» мисраси таржима қилинганда “Hasretten akarken başı” шаклида ўгирилган ва «оқарган»(сочларнинг оқариши) жумласи туркчада «сув бўлиб оқмоқ»қа айланиб қолган.
“Akvaryumdaki balığa” («Аквариумдаги балиққа») шеъридаги «Мавж урмас ўтлар» мисраси “Dalgalanmıyor alevler” деб таржима қилинган. Бунда ўзбекчадаги «ўтлар»(майса) туркчада «олов» тарзида янглиш ўгирилган. Аслида “Dalgalanmıyor otlar” бўлиши керак эди.
Ушбу мисоллар таржимонни танқид қилиш мақсадида эмас. Эмина Бакар ўзбек тилини яхши билишига шубҳа йўқ. Камчиликлар, назаримизда, тажриба камлигидан. Чунки китоб – унинг илк таржимаси. Эмина Бакар яна Ўзбекистонга келиб, диёримизда яшаб, ижодкорларимиз билан бевосита мулоқот қилса, ишонамизки, бу унга кўпроқ наф келтиради.
Жумали ШАБАНОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
Туркшунослик факультети доценти,
филология фанлари номзоди
ЎзА