Яқинда “Дунё шеърияти антологияси” номли уч томли китоб нашрдан чиқди. Таниқли шоир Карим Баҳриев қарийб қирқ йил ушбу китоб устида ишлади, тер тўкди.
Сиз дунёнинг 5 қитъасидаги 144 мамлакатнинг 494 шоири шеърларини илк бор ўзбек тилида ўқийсиз.
Бундай улкан ишни бир ижодкор, заҳматкаш таржимон 11 та тил орқали амалга оширгани эса таҳсинга лойиқ ишдир.
Савол туғилади, дунё шеърияти антологияси олдинлари ҳам адабиётимизда бу каби кенг миқёсда китобхонлар ҳукмига ҳавола қилинганмиди?
Карим Баҳриевнинг ушбу Антологияси қайси жиҳатлари билан адабий бўшлиқлар ўрнини тўлдира олади?
Унинг адабиётимиздаги ўрни қандай?..
Атоқли адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг китобга ёзган “Мумтоз гармония” номли сўзбошисини ўқиркансиз, юқоридаги саволларга жавоб топгандек бўласиз:
“Карим Баҳрий – бекорга Беҳбудий диёрида дунёга келмаган, балки Беҳбудийнинг давомчиси у. Умри узоқ бўлсин.
Карим Баҳриевнинг ўттиз йил давомида таржима қилган, тўплаган ва тайёрлаган улкан асари – уч жилдлик, бир ярим минг бетлик, дунёнинг беш қитъасидаги 144 мамлакат шеъриятидан 494 шоирнинг шеърларини жамлаган “Дунё шеърияти” антологияси нашри назарингизга ҳавола этилмоқда. Китобдан бундан ташқари яна фольклор намуналари, халқ қўшиқлари, баётилари ва ўнлаб шоири номаълум шеърлар ҳам бор.
Беш қитъа, 144 мамлакатнинг ҳар биридан ҳеч бўлмаса бир шоирнинг бир гўзал асари бор бу китобда. Биз билган туркий, форсий халқлар адабиётидан ташқари, Осиё, Африка, Кўрфаз ва Ўрта Шарқ, Оврўпо, Шимолий ва Жанубий Америка, Океания давлатлари шеърияти кирган бу антологияга. АҚШ, Франция, Италия, Испания, Япония ва бошқалар билан бирга Индонезия, Малайзия, Намибия, Зимбабве ва ҳатто биз номини зўрға талаффуз қиладиган Тринидад ва Табаго, Доминикан Республикасидан тортиб, уммондаги орол давлатчаларигача бор. Масалан, биз шундоқ ёнимиздаги Муғулистон шеъриятини биламизми? Ёки Коста-Рико ва Гондурас адабиётини?!
Рауф Парфининг таъбирига кўра, “шоирнинг онаси – изтироб, ахир...” Мен ҳам бир айтганман – ҳақиқий шеърдан йиғи овози келади. Бу китобни ўқиркансиз, биласизки, бу поёнсиз оламдаги ҳар бир халқ дардлидир, ҳар шоир шу дарднинг ҳосиласидир.
Масалан, худди биз ўзбеклар каби, вьетнамликлар ўз юртларини шоирлар мамлакати, дейдилар. Саводи бор ҳамма вьетнамлик шеър ёзади, гиламларга, рўмолчаларга, расмларга ва бошқа буюмларга шеър ёзиш ва туҳфа қилиш одати бор. Ҳатто қабр тошларига ҳам шеърлар ёзилади. Вьетнам шоири Нят Хан – шоир, носир, таржимон ва буддавий роҳибдир. Нят Хан ўқувчи билан майин овозда сўзлашаётгандай ёзади.
Қайга кетдинг, бирордар?
Мана, ҳозир, бугун-эрта баҳор келадиган...
Сен ўлиб кетавердинг,
бойчечаклар очилишини кутмадинг...
Муғулистон шоири С. Доржипаламга кўра ҳам изғирин кучайганда дарахтлар яланғоч қолади, бу дарахтни ўстирган она ернинг яланғоч бағрини барглари билан ёпади, у “ерга тўшар сўнг япроққача, токим қишдан омон чиқсин она ер. Дарахт яланг қолар баҳор чоққача...”
Шафқатсиз, изғирин қиш билан қаттол
Дарахтнинг шохлари қилади жангни.
Инсонга бир сассиз беради савол:
«Сен унутмадингми кекса онангни?».
Дарахтки ўзини ўстирган тупроқни ва ундаги илдизларини асрар экан, шоир инсонлардан сўрайди – сиз ўзингизни ўстирган онангизни унутмадингизми, совқотганда устига тўнини ёпиб қўймайсизми?!
Ўрис шоираси Марина Цветаева осмондан тушаётган ёмғирни яратганнинг аҳволимизга тўккан кўз ёшлари сифатида илғайди:
Кўкдан кўз ёш каби илиқ бир ёмғир —
Томчи томчилади қоши долимга.
Унда, самовотда эзилиб, кимдир –
Аччиқ йиғламоқда менинг ҳолимга...
Сўз ўрис шеърияти ҳақида борар экан Каримжон бу оламдан ҳам дарсликларда салобат билан терилган мумтозларни эмас, шарттаки, исёнкор шоирларни – Саша Черний, Константин Бальмонт, Белла Аҳмадулина, Евтушенко, Окуджава, Висоцкий, “шоирларнинг шоири” Велимир Хлебников, Борис Гребеншиковни кўпроқ таржима қилган.
Карим Баҳриев ўрис шеърияти фақат ўрис муаллифладан иборат деб билмайди, у татар, авар, дарғин, қўмиқ, лак, осетин, лезгин, абхаз шоирларини таржима қилган ва кўпмиллатли бир шеъриятни намоён қилган.
Дарғин шоири Ахмед Мунги (1843–1915) жуда ҳассос бир лисонда дунёни азалий тархини очадики, унга кўра: “Ҳа, хароб бўлар жаҳон, ҳақиқат бунда бир пул. Бирида ўнта чопон, Бошқаси — яланг буткул, биттасида – ўн хотин, Бошқаси — яшар якто...” Шоир бу бир тоифа аҳолидаги қашшоқликнинг сабаби бошқа тоифанинг очкўзлиги, зулми ва нафсида деб билади. Ҳатто кимнингдир азаси, фожеаси ҳам кимгадир бойлик келтиради.
Акутагава Рюноскэни буюк япон носири сифатида биламиз, унинг ҳикояларини ўзбек ўқувчилари ўқиган. Шу антологиядан биламизки, у шоир ҳам бўлган. Шу ўринда бир нарсани айтсак, деярли ҳамма ижодкор аввал шеър ёзган, Одил Ёқубовнинг бир даста шеърларини фарзандлари қўлёзмалари ичидан топиб олганини кўрдим. Ойбекнинг шеърияти қанчалар гўзал! Ҳатто мен ҳам ёшлигимда шеър ёзганман ва кейинчалик яна мансуралар ёздим. Карим Баҳриев таржималарини жамлаган бу уч жилдли антологияда биз “носирлар назми”ни – кўп буюк ёзувчилар, драматурглар, носирлар, актёрларнинг - Эрнест Хеменгуэй, Жеймс Жойс, Борхес, Жуброн Халил, Бертолд Брехт, Тудор Аргези, Мигел Анхел Астуриас, Хорхе Луис Борхес ва бошқаларнинг шеъриятини кўрамиз. Дарвоқе, Акутагава Рюноскега кўра саҳармардонда “том остида чигирткалар ҳам бехосдан қўшиғини кесади”, жим бўлади… Боғдаги майсазорга қалин йўл солади настарин гуллари… Шоир наздида моғорлаган шох шаббалар ҳам гул очади, “намдан гуллайди яшил…” Кўряпсизми нақадар нафис тасвирлар.
Африка шеърияти эса атиргуллар ва шилдираган сувлардан нари – жазирама шеъриятидир, озодликни қўмсашдир.
Жазоирлик шоир Зехор Зерари озодликка хитоб қилади: Агар сен Эдельвейс гули бўлганингда, Мен тоғнинг қиррасига осилиб чиқардим, Сени узиб олмоқ учун. Агар сен Денгиз тубидаги ўт бўлганингда, Мен яшил тубсизликка Ташланардим шаксиз, Сени топиб чиқиш учун Денгиз тубидан”.
Шоир агар эрк сайроқи бир қуш бўлса, ўрмонларнинг қоронғусига киришга тайёр.
Юлдуз бўлсайдинг,
Мен оқшомлар ухламасдим ҳеч қачон,
Сенга термулиб чиқардим ҳар тун,
Озодлик!
Кения деган мамлакатни кўпчилигимиз фақат эшитганмиз. Баъзиларимиз унинг Африкада эканини ҳам биламиз. Ҳаёт ҳар ерда ҳаётдир, деган гап бор. Кения шоираси Марина Гаше жазирама қитъадаги Кўнёрири деган қишлоқни тасвирлаган ва ўзбек қишлоғининг ўзидай... Кўнёрири - азалий меҳнат қишлоғи, абадий машаққат, заҳмат қишлоғидир. Туганмас оқимдай йўлдан ўтарлар Сўқасин ортмоқлаб қари кампирлар, Қорайган, букчайган, сокин, қайишқоқ, Жўхори даласин қилишар ўтоқ. Ёш келинлар ўтар хўтикдай боғлиқ, Уларни далага ҳайдар қашшоқлик...
Танлари камондай эгри, тортилган —
Елкага ҳаётнинг юки ортилган,
Кўксида – эмзикли, нозик гўдаклар;
Меҳнат қилар бунда тинмай ёш-қари,
Гўдаклар кун бўйи ерни титкилар,
Чувалчанг излаган товуқ сингари.
Ҳар ёнда – ҳаракат. Кун чўкканида
Қишлоқ черкови ҳам бошлар ваҳмини,
Руҳоний отамиз карнай орқали
Чорлар ибодатга содиқ қавмини.
Эчкисин, боласин хотинга ташлаб,
Оталар кетади кеч ибодатга.
Кун бўйи ишлаган меҳнаткашларни,
Роҳиб чорлар яна сабру-тоқатга...
Фили Дабо Сиссоко Мали шоиридир. Унинг бадиҳалари исёнкордир.
Шоир тасвирига кўра, тўсатдан қўлга тушган заҳарли бида илони оқ қумда қора тасма каби эшилади. Кўзларидан учқун сачрайди, иккига бўлинган тили чақмоқ тезлигида отилиб чиқади ва тезда ғойиб бўлади, жойида қотиб қолган йўловчи ҳали ерга йиқилиб тушмасиданоқ ўлган бўлади.
Шоирга кўра, лоқайдлар элнинг бошидаги фожеанинг асосидир, чунки унинг жим ўтиришига ишонган золим бемалол зулм қила олади: “Сен уйқу оғушидасан, демак, кўнглинг хотиржам, ўзинг-ўзингдан тинчсан. Сен уйқу оғушидасан, демак, вақтинг етарлидир. Сен уйқу оғушидасан, демак, юрагингда ғам-ташвиш йўқ. Сен уйқу оғушидасан, демак, тафаккуринг ҳам мудраб ётибди.
Сан-Томе ва Принсипи Демократик Республикаси деган давлат бор. Унинг шоири Каэтано Да Коста Алегре қора танли йигитнинг оқ танли қизга жавобсиз севгиси шеър қилади ва йигит ўлсам, жасадимни ёқиб кул қилинглар, кул оппоқ бўлади, тошкўмир оташи қорни севгандай севардим, кулимни “эркин шамол бутун мамлакатга сочсин”, “кенг маконларда яшай, чангу ғубор бўлай”, - дейди:
Шунда, — бу ҳам таскин! — чангдай оқариб,
Сенинг сийнанг каби оқариб, жоним,
Мен, кулга айланган сенинг ошиғинг,
Ҳаволарда кезсам, қўрқма, қалқинма -
Юрагингга кирсам, олганда нафас,
Кирсам тириклигимда киролмаган қалбингга...
Танзания шоири Саиди Нгузо она тили суахилигини ҳимоя қилса, Огендо Хейстингс исён қилади: “Худога бориб айт, бандалар ҳориб, ахлат титиб овқат излашар, ҳайҳот, чиқинди қутисин ковлашар ғариб, тишланган олмага, чирик нонга шод”. Лекин оч қолмаган руҳоний: «Оч-у яланғочлар аршда бахтиёр» — деб хитоб қилади.
Худога айт,
Унга айтки, жаннатда роҳатланмоқ етар,
Бизнинг бу дўзахга дўнган дунёмизга ҳам бир келсин,
Мусибат чекаётган, касалванд ва унутилган,
Инграб қўлини дуога кўтараётган шу халқ учун келсин.
Туркий дунё шеърияти нақадар яқин ва жонбахшдир. Озар баётиларида айтилади:
Обордилар гулимни,
Айладилар зулмни.
На сўзлашга қўйдилар,
На кесдилар тилимни.
Бу иложсизликда “у ҳам мени ёндирар, бу ҳам мени ёндирар – куйдиму сувга тушдим, сув ҳам мени ёндирар. Дод дегим келади,
Бир сўзим бор золим хоннинг шаьнига,
Десам – ўлдирурлар, демасам – ўлам.
Мирзо Алиакбар Собир эса билади:
Зоҳид югурар ки, масжид обод бўлсин.
Ориф югурар ки, миллат озод бўлсин,
Сўз бўйинбоғи силлиқларга берилди:
Бир мадмуазел бўлсин ки, паризод бўлсин!
Ромиз Равшан онасига исён қилади: бутун йўлларимнинг сўнги сен бўлдинг – тўққиз ой қорнида кўтарган аёл, бу ўтган умримнинг устидан чизиб, кошкийди, қайтадан туға билсайдинг – туғилмасам ҳам бўларди дейишгача боради:
… Бир йўл бор
чўзилар то ўлимгача:
Бу йўл сабримдир менинг.
Қорнида тўққиз ой кўтарган аёл,
Қорнинг қабримдир менинг…
Яҳудий шоири Игор Губерман шарқнинг ҳайёмона оҳангларини эслатади, у ўзининг ҳикматли ва кулгули тўртликлари – “гариклари” туфайли шон-шуҳратга эгадир:
Кеча шошиб кетдим тиш кавшарлашга,
чопа туриб, бирдан кулдим бемаъни:
умр бўйи кўтариб, бунча асрайман –
охири ўлгувчи мана шу танни...
Бобо Тоҳир (Урён) — Эроннинг шимолий-ғарбидаги Ҳамадон шаҳрида туғилган. «Урён» сўзининг луғавий маъноси «яланғоч» бўлиб, бу дунёдан фард бўлишга, Оллоҳ йўлида мужаррад бўлишга ишора қилган дейилади.
Йўқдир содиқ ошно — кимга борай мен?
Ғарибман, тоқ, танҳо — кимга борай мен?
Тангрим, бу халқ қувса борарман Сенга,
Сен ҳайдасанг, эвоҳ — кимга борай мен?
Эрондан Туркияга ўтсак, Юнус Эмро саловот айтар: Ишқинг ила ошиқлар Ёнсин, ё Расулуллоҳ! Ичиб ишқинг шаробин Қонсин, ё Расулуллоҳ!”
Ортидан Пир Султон Абдол келади. У 16 асрда ҳаёт кечирган. Асл исми Ҳайдар эди. Мадраса таълимини олмаганлиги учун, халқона тилда ижод қилди ва сарой адабиётидан йироқ бўлди. Англатдики: “Ғофил бўлма, шошгин – бир кун ўларсан, Ёлғон дунё сенинг бўлса - не фойда?! Оқибат олурлар ширин жонингни, Булбул каби тилинг бўлса – не фойда?!”
Карим Баҳриев Абдолдан Ошиқ Вейсалгача бўлган турк ошиқ шеъриятини, Ўрхон Камолдан бошланган турк модерн шеъриятини таржима қилди.
Эмили Дикинсон(1830—1886) —ҳаёти мобайнида ёзган, кейинчалик дафтарларидан топилган бир минг саккиз юз шеъридан ҳаётлигида саккизтагина шеърини эълон қилган. Эмили Дикинсон ватанида ва жаҳонда энг кўп ўқиладиган америкалик шоир ҳисобланади.
Карим Баҳриев таржимасида Эмили Дикинсон ва у каби барча шоирлар жуда “ўзбекча” чиққан. Унга кўра, “қалб қўрқиб туради ўз эгасидан...”.
Нимага арзийди банданинг сири,
Майда асрорлари — бемажол дийда —
Тангрининг триллион йиллардан бери
Асраб келаётган сири олдида —
Содда довдирларни қолдириб ҳайрон,
Оғизни очгандан тинмай бетоқат —
Яхшидир — ўлгунча — сассиз яшамоқ,
Тангри жимлигига қилиб садоқат —
Никарагуалик шоир Пабло Антонио Куадра токим элда қўрқув ўрнини жасорат эгалламас, номус ва қадр-қиммат тирилмас экан, диктатура тугамаслигини билади. Унинг “Жазирама август” шеъри диктаторнинг ўлимига бағишланган: “Бу ўлган илоннинг мурдасин ушлаб, Анжелико чизган малаклар каби Рақсга тушади атрофда қушлар. Улар қувонарди, рақсга тушарди, Гўёки тугади ерда золимлик, Халқ байроқ силкитар, шодон жўшарди.
Хорхе Луис Борхес (Хорхе Франсиско Исидоро Луис Борхес Асеведо, 1899 – 1986) – аргентининалик носир, шоир ва журналист. Шеърий тўпламлари бўлса-да, дунёда “хаёлот насри” кўпроқ машҳурдир. Унинг шеъриятига кўра Буэнос-Айреснинг кўчалари — юракнинг ўқ томирлари. Сувга отилган бир танга ҳам инсоният тарихийнинг бир бўлагига айланади.
Бу китобдаги ҳар бир шоир истеъдод соҳиби ва ҳар бир шеърият асари ҳаяжонли, дардлидир. Бежизга ўзбекчага ўгирилиб, ўзбек ўқувчисига ҳавола этилмаётгандир.
Бутун дунё адабиётларидан хайрли, хушоҳанг таржималар қилиб ақлларни қайрашга улушини қўшмоқда. Таржима париси унга бўйин берди. Бу пари буюк Андерсеннинг париси каби унга садоқат билан вафо шеваларини намоён қилмоқда.
Шоир, носир ва таржимон Карим Баҳриевнинг кўксида эрк тори жаранглаб туради, бу торнинг турфа оҳанглари тугамайди”, дея сўзбошига нуқта қўяди атоқли мунаққид...
Таниқли шоир, таржимон Карим Баҳриевнинг қарийб қирқ йиллик меҳнати маҳсули бўлган “Дунё шеърияти антологияси”ни ўқинг...
ЎзА