Ҳуқуқшунослар учун семинар
Қорақалпоғистон Республикаси судида “Фуқаролик ишлари бўйича судларда меҳнат низоларини кўриб чиқиш ва келгусида ушбу низоларни олдини олиш чора-тадбирлари” мавзусида ҳуқуқшунослар учун амалий семинар ташкил этилди.
Тадбир давлат органлари, корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган юристлар учун мўлжалланган бўлиб, меҳнат қонунчилигига риоя этиш, амалда учраётган муаммоларни муҳокама қилиш ва суд амалиётини такомиллаштиришга қаратилди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари А.Керимбаев янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодекси ва ундаги ҳуқуқий нормаларнинг аҳамияти, уларни амалиётга тўғри татбиқ этиш масалалари хусусида сўз юритди. Таъкидландики, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2025 йилнинг 6 ойи давомида меҳнат муносабатларига доир жами 551 та фуқаролик ишлари кўрилган. Уларнинг 328 таси 59,5 фоизи бўйича даъволар қаноатлантирилган. Ишга тиклаш ҳақидаги даъволар бўйича кўрилган 150 та ишнинг 78 таси ёки 52 фоизи юзасидан иш берувчиларнинг буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, ходимлар ишга тикланган.
Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари Ж. Расулов ва А. Аяпов, фуқаролик ишлари бўйича судьялар, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари қатнашиб, меҳнат муносабатларида учраётган қонунбузилиш ҳолатларини таҳлил қилиб, ўзаро фикр алмашди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири