Президент сайлови
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, шу йил биринчи маротаба янги Сайлов кодексига асосан октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади.
Сайлов кампаниясида сайловолди ташвиқоти муҳим жараён ҳисобланади.
[gallery-2035]
Сайлов кодексида белгиланганидек, сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият ҳисобланади. Ушбу жараён номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз беришга бир кун қолганида тугайди.
«Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисида»ги низом Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибини белгилайди. Низом 5 боб ва 49 моддадан иборат.
Сайлов кодекси қабул қилингандан сўнг Марказий сайлов комиссиясининг аввалги шу ҳақдаги низоми ўз кучини йўқотиши сабабли янги қоидалар билан ушбу низом ишлаб чиқилган. Янги киритилаётган ушбу низомга аввалги низомдагидан фарқли равишда бир қатор янги қоидалар киритилмоқда.
Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси 2020 йил 13 майдаги 2019 йилда бўлиб ўтган Парламент сайловларни ўрганиш якунлари бўйича хулосаларида берилган тавсияларида қонунчиликка кампания даврида давлат ресурсларини суиистеъмол қилиш масаласини ҳал этадиган аниқ нормалар киритилиши лозимлиги билдирилган эди.
Ушбу тавсия 2021 йил 8 февралда қабул қилинган қонунга асосан Сайлов кодексининг 44-моддасига киритилган бўлиб, низомда ҳам қуйидагиларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланиши белгиланмоқда.
Яъни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, судьялар, сайлов комиссиялари аъзолари, диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти даврида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.
Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди. Биноларга, иншоотларга ва бошқа жойларга илгари (сайлов кунидан икки кун олдин) жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материалларини сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида олиб қўйилиши мажбурий ҳисобланмайди.
Шунингдек, сайловолди ташвиқотини олиб бориш мақсадида оммавий ахборот воситаларидан бепул фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партияларнинг фикрини инобатга олган ҳолда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга тўғри келиши, номзодлар ва сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.
Нотўғри ахборотни, номзоднинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш, шунингдек, номзоднинг розилигисиз унинг шахсий ёки оилавий сиридан иборат хусусий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни ноқонуний тўплаш ёки тарқатиш тақиқланади.
Сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини бузганлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жиноий ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Нурилло Насриев, ЎзА