Давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йилнинг 5 август куни халқимиз узоқ кутган “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди ва жамоатчилик эътиборига тақдим этилди.
Мазкур қонунда аҳолини узоқ йиллар давомида қийнаб келаётган уй-жой ва ерга доир масалалари ижобий ечим топиши кўзда тутилган.
Қонунда назарда тутилган асосларда ва тартибда фақат ижара ҳуқуқи, ушбу ер участкаларида қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилади. Бунда ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланади.
Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорлари билан эътироф этилади.

Бироқ, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этилишига қуйидагича талаблар қўйилган. Жумладан, ер бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаган бўлиши, ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги, ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги, муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги каби талаблар атрофлича эътиборга олинган.
Шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлари, олдинги “акция” вақтида йиғим тўлаган шахслар тўловдан озод қилинади, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахсларга 50 фоиз чегирма берилади. Ҳуқуқларни эътироф этиш ҳудудлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади. Бунда Кадастр агентлиги маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда маҳаллалар кесимида режа-график ишлаб чиқилади ва бу режа ОАВлар, ижтимоий тармоқ ҳамда маҳаллаларда эълон қилиб борилади.
Хусусан, Тошкент вилояти ҳудудида 1028 та маҳалла бўлса, 2024-2025 йиллар учун тасдиқланган режа-жадвал асосида кадастр муҳандисларимиз томонидан хатлов ишлари олиб олиб борилмоқда.
Бунда 2024 йил учун хатловга 151 та МФЙ, 43 минг 759 та объект тасдиқланган. Хатловга Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий филиалларидан жами 294 нафар муҳандис бириктирилган. Улар аввалдан семинарлар ўтказилиб, услубий қўлланмалар ва зарурий жиҳозлар билан таъминланган.
– Шунингдек, Қонун ижросининг таъминланишида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида хатлов ишлари бошқарманинг Коррупцияга қарши кураш бўлими томонидан назоратга олинган, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Жасур Аҳроров. – Бу борада аҳолини ҳам ҳушёрликка чорлаган бўлардик. Сабаби, мазкур қонуннинг яна бир эътиборли жиҳати жараён тўлиқ автоматлаштирилган тартибда амалга оширилади. Яъни фуқаролардан ҳеч қандай ҳужжат ҳам, мурожаат ҳам талаб этилмайди. Барча ишлар масъул ташкилотлар томонидан амалга “Эътироф” электрон дастури орқали амалга оширилади.
А.Мусаев, ЎзА