«Ҳуқуқий тарбия соати» ташкил этилди
Қонунни билмаслик инсонни масъулиятдан озод этмайди. Баъзан биргина ўйламай айтилган сўз, ижтимоий тармоқда қолдирилган изоҳ ёки нотўғри қабул қилинган қарор ёш инсоннинг келажагига таъсир кўрсатиши мумкин. Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги Мирзаобод туманида жойлашган Сафарбарлик чақирув резерви батальонида ташкил этилган «Ҳуқуқий тарбия соати» ҳам айнан шу масалага қаратилди.
Гулистон ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Мирзаобод туманидаги 3-сон умумий ўрта таълим мактаби негизида фаолият юритаётган «Жасорат мактаби» ўқувчилари, туман ёшлари ва ёш ҳарбий хизматчилар иштирок этишди.

Мулоқотда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қонун устуворлиги тамойилларини тарғиб этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Бугунги кунда ёшлар ҳаётини интернет, ижтимоий тармоқлар ва рақамли технологияларсиз тасаввур этиш қийин. Бироқ виртуал оламдаги ҳар бир ҳаракат ҳам муайян ҳуқуқий оқибатларга эга. Бировнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи хабар тарқатиш, ҳақоратли изоҳ қолдириш, шахсий маълумотларни рухсатсиз эълон қилиш ёки шубҳали таклифларга ишониш кутилмаган муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис ёшлар нафақат ўз ҳуқуқларини, балки зиммаларидаги мажбуриятларни ҳам яхши билиши зарур.

Гулистон ҳарбий прокуратураси вакиллари учрашув давомида амалдаги қонунчилик талаблари, ёшлар ўртасида учраши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар, уларнинг келиб чиқиш омиллари ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида маълумот берди. Қонунга зид хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, муаммоли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш ҳамда ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиш юзасидан тавсиялар билдирилди.
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ёшлар ҳуқуқий билимлар билан бир қаторда ҳаётий тажриба ва маслаҳатларга ҳам эга бўлди.

— Ёшлар тарбияси ва камолатида бу каби тадбирларнинг аҳамияти катта. Ҳар бир маърифий учрашувда касбий фаолиятимиз ва ҳаётий тажрибамиздан келиб чиқиб, уларга ўз маслаҳатларимизни бериб келмоқдамиз. Бу, албатта, катта ҳаётга қадам қўяётган ёшлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Чунки бир вақтлар биз ҳам ёш бўлганмиз. Устозларимиз ва яқинларимизнинг маслаҳатлари ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизга, бугунги кунларга етиб келишимизга ёрдам берган.
Ҳозирги ёшлар эса биздан-да бахтли бўлиши керак. Ўқиб-ўрганиш, юрт равнақи ва тинчлиги йўлида хизмат қилишни мақсад қилган ёшлар учун барча шароит ва имкониятлар мавжуд. Бундан қувониш, берилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш лозим. «Ҳуқуқий тарбия соати»да нафақат босиб ўтган йўлимиз, балки эртанги кун ва келажакдаги мақсадлар ҳақида ҳам фикрларимиз, маслаҳат ва тавсияларимиз билан ўртоқлашдик, — дейди Мудофаа ишлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги майор Бурхон Абдуалимов.
Учрашув давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди, ҳуқуқий мавзуларда фикр алмашди. Бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг ўз ҳуқуқ ва бурчларини англаши, қонунга ҳурмат билан муносабатда бўлиши, шунингдек, ҳар қандай вазиятда масъулиятли қарор қабул қилишига кўмаклашади.

— Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни турли салбий иллатлар ва ҳуқуқбузарликлардан асраш, ватанпарварлик ва қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари изчил давом эттирилмоқда. Бу борада Гулистон ҳарбий прокуратураси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда, — деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳарбий бўлими бошлиғи Фурқатжон Азимов.
Бинобарин, ҳуқуқий тарбия бир кунлик тадбир билан чекланмайди. У оилада, таълим муассасасида, жамоада ва кундалик ҳаётда давом этадиган жараёндир. Қонунни билган, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган ва бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган ёшлар жамиятнинг ишончли таянчи, юрт келажагининг масъулиятли бунёдкорлари бўлиб камол топади.Бу эса «Ҳуқуқий тарбия соати»нинг асосий мақсади бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири