Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади. Шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда иштирок этади.
Бунда эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрда қабул қилинган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фермер-деҳқонларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш мақсадида фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларининг юридик бўлим бошлиқларининг малакасини ошириш чораларини кўрмоқда. Шу мақсадда Адлия вазирлигининг Юристлар малакасини ошириш марказида ташкил этилган курсларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят вакиллари иштирок этмоқда.
29 ноябрдан 1 декабргача давом этадиган малака ошириш курсларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Ж.Ширинов, Халқаро молия корпорацияси юрисконсульти Н.Жўраев, юридик фанлар номзоди М.Насуллаев каби бир қатор депутатлар, ўқитувчи-олимлар ҳамда экспертлар ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.
ЎзА