Ҳуқуқий билимларни оширамиз...
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг 2022 йил 27 июлдаги «Ҳуқуқий билимлар куни»ни ўтказиш тўғрисидаги буйруғи ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар «Билим» АКМда «Ҳуқуқий билимларни ошириш куни» белгилаб олинди.
Режага асосан 2022 йил 16 август куни «Билим» АКМ ходимлари учун «Ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш фуқароларнинг ахборотдан эркин фойдаланиши ва конституциявий ҳуқуқларини ошириш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш» мавзусида семинар-тренинг ташкил қилинди.
Директор ўринбосари В. Муратова ходимларни «Ҳуқуқий билимларини ошириш куни» шиори остидаги тадбирлар концепцияси билан таништирди. Тадбир давомида юристконсулт А. Умрзоқов кутубхона ходимларининг ахборот-кутубхона фаолиятида ҳуқуқий муаммолар ҳақидаги саволларига юридик маслаҳатлар берди. Шунингдек, Ахборот-библиография хизмати бош библиографи Ш. Юнусалиева семинар иштирокчиларига хизмат таркибидаги ҳуқуқий ахборотлар секторининг мақсад ва вазифалари, унинг ҳуқуқлари ҳақида тушунтирди.
Тадбир сўнгида АКМ раҳбари Ҳ. Каримова ҳуқуқий саводхонликни оширишга оид бундай тадбирлар келгусида нафақат ходимлар, балки кутубхона фойдаланувчиларнинг ҳуқуқий билимларини эгаллашида мустаҳкам замин яратишини таъкидлади.
С. Худойбердиева,
Тошкент шаҳар «Билим» АКМ директор ўринбосари