Ҳуқуқий ахборот нашрлари ярмаркаси
Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди биносида “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан ташкил этилган ҳуқуқий нашрлар савдо ярмаркасида турли адабиётлар, дарсликлар ҳамда янгидан нашр этилган Ўзбекистон Республикасининг кодекслари тўпламлари сотилди.
Маълумки, “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази – аҳоли ва ижрочиларга жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаш ва тезкор тарқатиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини расмий эълон қилиш соҳасида республиканинг етакчи давлат муассасаси ҳисобланади.
Марказ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни барча давлат органлари, ташкилотларига босма ҳамда электрон шаклда етказилишини таъминлаб келаётир. Марказ томонидан ярмаркалар ташкил этилиши янги ҳуқуқий нашрлар билан соҳа ходимларини, барча қизиқувчиларни таништиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Ушбу ярмаркада ҳам турли ҳуқуқий адабиётлар, дарсликлар ҳамда янгидан нашр этилган Ўзбекистон Республикасининг кодекслари тўпламлари намойиш этилди. Ярмаркада адлия, суд, прокуратура, ички ишлар идоралари, МИБ ва Давлат хизматлари агентлиги ходимлари, Жиззах юридик техникуми ўқитувчи ва ўқувчилари зарур қизиқтирган китоб, рисола, тўпламларни харид қилишда марказ ходимлари билан маслаҳатлашиш имконига ҳам эга бўлди.
Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар тўплами йиғилганларга қулай нархларда таклиф этилди. Шунингдек, зарур адабиётларга буюртмалар қабул қилинди.
Тошқул БЕКНАЗАРОВ, ЎзА