Президентимизнинг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан масъул идоралар ва муассасалар учун устувор вазифалар белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси олдига ҳам муҳим вазифалар қўйилди.
Жумладан, мактабларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишларни янада жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактабларда давомат, ўсмир, сектор раҳбари ва ёшлар учрашуви, ижтимоий ёрдам каби тадбирларни манзилли равишда ўтказиб бориш белгиланди. Бундан кўзланган мақсад маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда мактабларда ўқувчилар иштирокидаги турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактик ишларни кучайтиришдан иборатдир.
Ўтган давр мобайнида Миллий гвардия инспектор-психологлари мактаб маъмурияти ва маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда олиб борган саъй ҳаракатлари натижасида мактабларда ўқувчиларнинг давомати сезиларли даражада яхшиланишига эришилди. Бироқ ўтказилаётган тадбирлар давомида ўқувчиларнинг ёнидан турли тиғли жисмлар, электрон сигарета кабилар ҳам топилмоқда.
Мисол учун, Чилонзор туманидаги 164 ва 167-умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг икки нафарида электрон сигарета борлиги аниқланди. Яна бир ўқувчининг эса автомашина бошқариш учун гувоҳнома олиш ёшига етмаган бўлсада, машина калитини олиб юргани маълум бўлди.
Аниқланган ҳолатлар бўйича маҳаллада ота-оналар иштирокида муҳокама ўтказилди.
Бу каби тадбирлар ёшларнинг ёмон иллатларга қарам бўлиб қолишининг олдини олишга хизмат қилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/xdTLZOJAQK0?si=4T5-CCBjfN105jtH" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова, ЎзА