Ҳуқуқ ва эркинлик кафолати
9 апрель Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
1993 йил 9 апрель куни XII чақириқ Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг XII сессиясида давлатимизнинг асосий қонуни бўлган Конституция қабул қилинди ва умумхалқ байрами, деб эълон қилинди. Бу байрамни халқимиз давлатимиздаги адолат, қонун устуворлигини ҳис қилган ҳолда эркин демократик фуқаролик жамият, ҳуқуқий давлат қуриш йўлидаги ишончли қадам ташлаган кун сифатида ҳар йили тантанали равишда нишонлаб келади.
Конституция ҳар бир давлат ва халқнинг орзу-мақсадлари, маънавий, ижтимоий онг ва маданиятини ҳар томонлама акс эттирувчи қонундир. Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси янги жамият қуриш, янгидан-янги имкониятлар яратиб берувчи тарихий ҳужжат сифатида эъзозланиб келинмоқда. Унинг қабул қилиниши билан давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатлар, қонунчиликнинг барча соҳаларини тартибга солувчи ҳуқуқий тизим яратилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси муқаддима, 6 бўлим, 26 боб, 121 моддадан иборат бўлиб, унинг барча моддаларида дунёда умумэътироф этилган тамойиллар, халқаро ҳуқуқ нормалари ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлардаги умуминсоний тамойиллар мужассамдир.
Асосий қонунда инсоннинг ижтимоий ҳуқуқларига ҳам катта эътибор қаратилган бўлиб, айниқса, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, ижтимоий таъминот олиш каби ҳуқуқларни алоҳида конституциявий даражада эътироф этган.
Қорақалпоғистон Республикаси ўзининг қонун билан мустаҳкамланган давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Инсон манфаатларини таъминлаш, халқ билан мулоқот қилиш, истак ва таклифларини эътиборга олишда уларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи Конституцияда кафолатланганлиги билан аҳамиятлидир.
Бахтимиз қомуси бўлган Конституциямиз миллатидан қатъий назар барча юртдошимизнинг бутун бир имконияти ва мажбуриятларини ўзида акс эттирган бўлиб, ҳали узоқ йиллар давомида Қорақалпоғистоннинг бахтли ва келажаги буюк авлодлари учун ҳам муносиб хизмат қилади.
Д.Бимуратов,
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими шўъба мудири.
ЎзА