Ҳуқуқ соҳасида янги тизим қулай ва самарали
Бугунги кунда ҳаётимизнинг ахборот технологиялари кириб бормаган соҳаси қолмади.
Қайси бир соҳани олмайлик замонавий ахборот технологиялари янгиланишларнинг муҳим омилига айланмоқда.
Жумладан, ҳуқуқ соҳасида ахборот технологияларининг кириб келиши фуқароларнинг вақт ва маблағлари тежалиши билан бирга уларга кўпгина қулайлик яратмоқда. Ушбу жараён ўз навбатида давлат бошқаруви органлари фаолияти тезлашишига, уларнинг ишига ошкоралик берилишига, фаолият сифати янги босқичга кўтарилишига олиб келди.
Адлия органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга сифатли юридик хизмат кўрсатиш соҳасида ахборот технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўз-ўзига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш-“Legal Tech” электрон ахборот тизими бу юристлар ёки адвокатлар иштирокисиз ҳуқуқий ҳужжатларни, хусусан юридик шахслар фаолиятида фойдаланиладиган корпоратив ҳужжатлар намуналарини, жисмоний шахслар томонидан фойдаланиладиган шартномалар, аризалар, илтимосномалар, битимлар каби бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар намуналарини автоматлаштирилган ҳолда электрон шаклда тайёрлаш имкониятини берувчи тизим ҳисобланади.
Халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак иқтисодий ва техникавий жиҳатдан ривожланган кўпгина хорижий давлатлар «Legal Tech» электрон ахборот тизимидан кенг фойдаланиб келаётганлигини кўриш мумкин.
Дунёдаги энг йирик аудиторлик компанияларининг “катта тўртлиги”га кирувчи Буюк Британияда жойлашган Зион Маркет компаниясининг таҳлиллари ва прогнозлари бўйича 2026 йилга келиб «Legal Tech» электрон ахборот тизимларининг йиллик ўсиши ўртача 36 фоизни, даромадлари эса 37 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Мазкур соҳада ўз ўрнига эга бўлган Делайт комапаниясининг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ҳозирда дунёдаги компанияларнинг 18 фоизи «Legal Tech» электрон ахборот тизимидан фойдаланиб келаётган бўлса, кейинги 5 йилда бу кўрсаткич 52 фоизни ташкил этади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар Ўзбекистонда ўз-ўзига ҳуқуқий хизмат кўрсатишга мўлжалланган электрон ахборот тизими мавжуд эмас эди. Ҳозирги глобаллашув, илмий-техник тараққиёт даври аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг инновацион усулларидан, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларидан фойдаланиш заруратини юзага келтиради.
Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” Стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонига асосан ўз-ўзига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш – “Legal Tech” ахборот тизимини яратиш белгиланган.
Ривожланган мамлакатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан ўз-ўзига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ахборот тизими “Yurxizmat.uz” доменида ташкил этилди. “Yurxizmat.uz” доменида 2021 йил 1 апрелдан тест режимида ишга туширилди. Тизим тақдимоти “Tashkent Law Spring” II халқаро юридик форуми доирасида ўтказилди.
Мазкур тизим кичик ва ўрта бизнес вакиллари, аҳолининг кам таъминланган қатламлари, шунингдек, бошқа фуқаро ва ташкилотлар фойланиши учун мўлжалланган. Тизимнинг қулайлиги шундаки фойдаланувчилар тизимга кириб ўзларига керакли ҳуқуқий ҳужжат турини танлаб, иш ҳолатлари юзасидан бериладиган бир неча саволларга жавоб бериш орқали автоматлаштирилган ҳолда шакллантирилган ҳужжатни олишлари ва ундан фойланишлари мумкин.
Тизимнинг ишга туширилиши нафақат фойдаланувчилар, давлат органларига ҳам катта қулайлик яратади. Чунки ҳозирга қадар Ўзбекистонда ҳуқуқий ҳужжатларнинг автоматлаштирилган бепул базаси мавжуд эмас эди. Бу эса, ўз навбатида ҳуқуқий ҳужжатлар тузишда ортиқча вақт ва ресурс сарфланишига сабаб бўлаётган эди. Эндиликда интернетдан фойдаланиш имконига эга бўлган ҳар бир шахс ҳужжатни тизим орқали тўғридан-тўғри расмийлаштириб олиши мумкин.
Шунингдек, тизим аҳолининг давлат органларига ҳуқуқий ҳужжат намуналарини сўраб мурожаат қилиш ҳолатларини бартараф этиб, давлат органларининг ушбу ишларга сарфлайдиган вақтини бошқа устувор вазифаларига йўналтириш имконини ҳам беради.
Энг асосийси, ҳужжатлар намуналарини нотўғри расмийлаштириш орқали юзага келадиган оворагарчиликларнинг олди олинади. Натижада илтимоснома, ариза ёки талабнома каби арзимаган ҳуқуқий ҳужжат тайёрлаш учун ҳам адвокат ёки ҳуқуқшуносга мурожаат қилишга зурурат қолмайди.
Мазкур тизимнинг яратилиши пандемия шароитида кичик ва ўрта бизнес вакиллари, аҳолининг кам таъминланган қатламлари ортиқча сарсон бўлишининг олдини олиш, уларнинг вақти ва маблағларини тежаш, юристлар (адвокат) иштирокисиз бепул юридик ёрдам олиш, замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда ҳуқуқий саводхонликларини ошириб боришга имкон яратди.
Бугунги кунда тизимда 400 дан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд бўлиб, янги ҳужжатларни киритиш ишлари давом этмоқда.
Сайтда 1)судга оид ҳужжатлар, 2)шартномалар, келишув, битимлар, ишончномалар, 3) корпоратив ҳужжатлар, 4) шахсий таркибга оид ҳужжатлар, 5) ариза, илтимосномалар намуналари, 6) нотариал тасдиқланадиган ҳужжатлар каби бўлимлар ташкил этилган. Тизимдан фойдаланишни янада қулайлаштириш мақсадида мазкур бўлимлар ўз навбатида 71 та соҳаларга бўлинган.
Ҳозирда тизимни такомиллаштириш ишлари давом эттирилаётган бўлиб, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш, сарфланадиган вақтни янада тежаш мақсадида тизимда ҳужжатларни шакллантириш жараёнида фойдаланиладиган стандарт маълумотларни автоматлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, фойдаланувчиларнинг талаб ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда амалиётда кенг қўлланадиган судга оид ҳужжатлар намуналари тайёрланиб, улар бўйича саволномалар тузилиб, тизимга киритиб борилмоқда.
Бундан ташқари, ҳозирда тизимдаги ҳуқуқий ҳужжатларни Адлия вазирлигининг ADVICE.UZ ҳуқуқий ахборот портали билан боғлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Мазкур тадбир тизим фойдаланувчиларига қулайлик яратиш билан бирга уларнинг вақтини тежаш, ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масала бўйича атрофлича маълумотлар олиш имконини беради.
М. Ахмедов,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази
бўлим бошлиғи